Футбол хабарлари
Қатар мезбонлигида ўтаётган Осиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари мусобақа давомида ёрқин ўйинлари билан ажралиб турди. Футболчиларимизнинг мусобақадаги иштирокини Европа қитъаси мутахассислари ҳам кузатгани табиий.
Осиё кубоги мусобақасида ўзининг ажойиб ўйинлари билан ёдда қолган Аббосбек Файзуллаев футбол жамоатчилигининг эътиборини тортгани қувонарлидир. Мазкур мусобақадан сўнг Аббосбекнинг Европа клубларига йўл олиш имконияти янада ошди, дея баралла айта оламиз. Айни пайтда “ССКА” клубида шов-шувли трансфер амалга ошиши учун биринчи номзод Аббосбек Файзуллаевдир. Катта эҳтимол билан бу йилги трансфер мавсумида футболчимиз дунё скаутлар эътиборини тортган ҳолда “ССКА”да узоқ қолмайди ва Европанинг номдор жамоасига кетади.
Ўтган бир-икки кун давомида Аббосбек Файзуллаевга “Бавария” клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Москванинг “ССКА” жамоаси футболчиси Аббосбек Файзуллаев ишини юритувчи “ProSports Management” компаниясининг Осиё лойиҳалари раҳбари Қаҳҳор Мўминов қуйидаги фикрларни билдирди:
– Албатта, кўплаб клубларнинг скаутлари Аббосни кузатиб боришмоқда, кўпчилик қизиқиш билдирмоқда. Аммо биз “Бавария”нинг қизиқиши ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Асосийси, ҳозир у бироз дам олиши ва “ССКА” сафига қўшилиб, мавсумга тайёргарлик кўриши керак, – деди Қ.Мўминов.
Унинг бу фикрлари эса юқоридаги миш-мишларга чек қўйди.
***
Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир футболчиси, Осиё кубогида терма жамоамиз сафида ёрқин ўйин намойиш этган Отабек Шукуровнинг Туркиянинг “Фотиҳ Карагюмрюк” жамоаси билан шартномаси узилгани ҳақида хабарингиз бор. Отабек ҳозирда Туркия чемпионатининг бошқа бир жамоаси “Кайсериспор” билан шартнома тузиш арафасида. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, О.Шукуровга Россия ва бошқа давлат клублари қизиқмоқда.
***
Осиё кубогида терма жамоамиз сафида майдонга тушмаган Бобур Абдухолиқов, Қозоғистон Премьер-лигасида ўтган мавсумни чемпион сифатида якунлаган “Ордабаси” клуби билан расман хайрлашди. У энди Қаршининг “Насаф” клубида фаолиятини давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Бобур Абдухолиқов “Ордабаси” сафига 2023 йилда қўшилди ва Премьер-лигада 26 та учрашувнинг барчасида иштирок этди. Ушбу ўйинларда рақиблар дарвозасини 7 маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига тўртта голли пас узатди. Шунингдек, Абдухолиқов Қозоғистон кубогида 7 та учрашувда битта гол урди. Мамлакат Суперкубогида ҳам ўйнади. УЕФА Конференциялар лигасининг саралаш мусобақасида Польшанинг “Легия” жамоасига қарши иккита учрашувда иштирок этди.
“Насаф” Б.Абдухолиқов билан шартнома тузиш билан бир қаторда, ўзининг тарбияланувчиси Шароф Муҳиддиновни жамоага қайтарди. Ярим ҳимоячи клуб билан бир йиллик шартномага имзо чекди.
***
Ҳозирда фаолияти давом этаётган ва терма жамоамиз юлдузларидан бири бўлган Сардор Рашидов яна футболга қайтди. У БАА клуби – “Дубай Сити” билан шартнома имзолади. Ҳозирча мазкур трансфернинг тўлиқ тафсилотлари ошкор этилмади. С.Рашидов сўнгги бор Тошкентнинг “Пахтакор” клубида ўйин ўтказган ва 2023 йилнинг 1 июлидан расман эркин агентга айланган эди.
***
Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонда миллий чемпионат старт олади. Янги мавсум олдидан клубларимиз ўз таркибларини турли футболчилар билан тўлдирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ва “Олимпик” жамоаси ҳимоячиси Одил Абдумажидов янги мавсумни Самарқанднинг “Динамо” клубида ўтказади.
***
Шунингдек, шу кунларда Туркияда янги мавсумга тайёргарлик олиб бораётган “Қизилқум” жамоаси ўз сафига грузиялик Элгужа Лобжанидзени қўшиб олди. 31 ёшли ҳужумчи фаолияти давомида 263 та учрашувда майдонга тушиб, рақиб дарвозасига 57 та гол урган.
***
Мамлакатимизнинг Суперлига баҳслари бошланиши аввалидан, Туркияда ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётган “Навбаҳор” жамоаси мазкур йиғин доирасидаги сўнгги назорат баҳсини Россиянинг “Кубан” (Краснодар) жамоасига қарши ўтказди ва 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Шу тариқа “Лочинлар” Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинини якунлаб юртимизга қайтди.
***
Ўтган йили ўзининг ақл бовар қилмас трансферлари билан дунёни ҳайратга солган Саудия Арабистони клублари ушбу анъанани давом эттирмоқда. Аниқроғи, “Ан-Наср” жамоаси “Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Рафаэл Варанга қизиқиш билдирмоқда. Криштиану Роналду ўйнаётган Саудия Арабистони жамоаси франциялик футболчига бир йил учун 60 миллион евро маош таклиф қилишга тайёр.
***
“Ал-Иттиҳод” эса ҳамон Муҳаммад Салоҳни ўз сафига қўшишга уринмоқда. Клуб ушбу форвард учун “Ливерпул”га 200 миллион фунт (234 миллион евро) тўлашга тайёр. Агар бу келишув амалга ошса, дунё тарихидаги энг қиммат трансфер бўлади.
Шунингдек, “Ал-Ҳилол” ҳам “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Улар Салоҳ учун 150 миллион евро сарфламоқчи.
***
“Реал Мадрид” клубининг уй стадиони бўлган “Сантьяго Бернабеу” шу йилнинг охири ёки 2025 йилнинг бошида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Шу сабабли, “қироллик клуби” ўз майдонининг очилиш маросимига собиқ футболчиси Криштиану Роналдуни олиб келмоқчи. Гап шундаки, “Сантьяго Бернабеу”нинг очилиш ўйинида “Реал Мадрид” ва “Ан-Наср” клублари ўртасида ўйин ўтказилиши режа қилинмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА