2,5 мингдан зиёд оила Сергели туманида барпо этилаётган янги уйларга кўчиб ўтади
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида пойтахтимизнинг Сергели туманида 66 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд этилаётган мазкур уйлар 2 минг 500 дан зиёд оиланинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади.
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида пойтахтимизнинг Сергели туманида 66 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд этилаётган мазкур уйлар 2 минг 500 дан зиёд оиланинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Эътиборлиси, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ушбу қурилиш майдонига ташкил этилган медиа-турда бу алоҳида таъкидланди.
Қўмита раисининг ўринбосари А.Тожиев ва бошқалар барча шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг амалга оширилаётгани аҳолининг ҳаёт сифати юксалишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мазкур қарордан мақсад шаҳарда яшаётган аҳолини, шу жумладан, ёш оилалар, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш йўли билан уларнинг турмуш даражасини янада ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришдан иборатдир.
Қарорга мувофиқ, 2017-2020 йилларда шаҳарларда 945 кўп хонадонли уй-жой қурилиши режалаштирилган. 2017 йилда 191 кўп хонадонли уй қурилиши белгиланган бўлиб, шу кунларда уларни қуриш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Шундан 102 таси Тошкент шаҳрида бунёд этилмоқда.
Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. Биринчи майдондаги 66 та етти қаватли уйнинг калитлари хонадон соҳибларига мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида топширилиши кўзда тутилаётган бўлса, бошқа майдонлардаги 36 та кўп қаватли уйни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.
Мазкур уйлар қуриб битказилиши билан 4 мингдан зиёд оила ўз шахсий хонадонига эга бўлади. Кўп хонадонли уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материаллари асосида барпо этилмоқда. Шунингдек, мактаблар, болалар боғчалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, чиқинди йиғиш пунктлари қурилиши режалаштирилган. Ҳудуд ободлиги таъминланади.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.