Йўллар азал-азалдан узоқ-яқин ҳудудлар ва давлатларни туташтириб, одамларнинг оғирини енгил, манзилини яқин қилиб келган.
Бухоро шаҳрида аҳоли сонининг ортиши билан бир вақтнинг ўзида автомобиллар ҳам кун сайин кўпайиб бормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда Бухоро шаҳри ҳудудида 50 мингга яқин автомобиль ҳаракатланяпти. 15-20 минг автомобиль Бухоро шаҳрига кириб-чиқиши қайд этилган. Айрим автомобиль йўллари ўз юкламасини ортиғи билан бажаряпти.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида айниқса, шаҳардаги тирбандликнинг ҳосил бўлишига имкон берувчи сабаб ва шароитлар тизимли равишда таҳлил қилиниб, йўл-транспорт ҳодисалари ва йўллар бандлигининг олдини олиш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, халқаро ва вилоятлараро қатновчи транспорт воситаларининг ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш мақсадида янгидан қайта қурилган А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли” тўлиқ фойдаланишга топширилди. Ушбу автомобиль йўлининг аҳамиятли жиҳатларини нималарда кўриш мумкин.

– Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, айниқса бугунги кунда транспорт воситаларинг кундан-кун ортиб боришини инобатган олган ҳолда янги йўлларни барпо этиш, параллел кўчаларни ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда, –дейди Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, капитан Улуғбек Шукурлаев. – Ушбу ишларнинг намунаси сифатида ўтган 2022 йилнинг декабрь ойи охирларида А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли” ташкил этилди. Бу ҳалқа йўли Бухоро шаҳрининг атрофидаги автотранспорт ҳаракатларини анча енгиллаштирди. Транспорт воситалари кундан-кун ортиб бориши натижасида шаҳар кўчаларида бир қатор ноқулайликлар юзага келмоқда. Бухоро шаҳрининг ўзида шу кеча кундузда 50 минг та транспорт воситаси ҳаракатланмоқда. Шаҳарга қатновчи шаҳарлараро транспорт воситалари, вилоятлараро, халқаро юк ташувчи транспорт воситаларини инобатга олган ҳолда ушбу автомобил йўллари ўзининг юкламасидан ортиғи билан ишлаётганини кўришимиз мумкин. Ушбу ноқулайликларни бартараф этиш, тиғизликларни олдини олиш, тирбандликларни ечиш мақсадида параллел кўчаларни, янги йўлларни очишга эҳтиёж сезилмоқда.

Янги барпо этилган А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли” ҳам шаҳар ичида ва шаҳар атрофида ҳаракатланувчи транспорт воситалари ҳаракатини енгиллаштириш яъни Когон тумани А-380 автомобиль йўлининг 214-километри йўлидан 264 километригача бўлган оралиғидаги автомобил йўли ўзининг юкламасидан ортиғи билан ишлаётганлиги тасдиқланган. Юкламани юмшатиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, шаар атрофи ва шаҳар ичида ҳаракатланувчи транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур автомобил йўли ташкил этилди.
А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли” ҳайдовчиларга қандай афзалликлар беради.
– Ушбу йўлнинг бир қатор афзаллик томонлари бор, –дейди капитан Улуғбек Шукурлаев. – А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли” 15 километр масофадан иборат. Шаҳар ичи бўйлаб ҳаракатланиш эса 21 километрдан иборатлиги аниқланди. Янги автомобил йўлида 5 та пиёдалар ўтиш жойи ва 1 та чорраҳа мавжуд. Шаҳар ичи билан ҳаракатланганда 32 та пиёдалар ўтиш жойи ва 9 та светафор, 7 та чорраҳа мавжудлиги аниқланди. Мазкур автомобил йўли шаҳар ичи билан ҳаракатланиш ва шаҳар атрофи билан ҳаракатланиш бевосита чорраҳалари, светафорлари, пиёдалар ўтиш жойлари бирма-бир текширилиши натижасида аниқланди. Янги ташкил этилган автомобил йўли улар учун жуда ҳам қулай ҳисобланади. Мазкур автомобил йўли орқали ҳаракатланганда 15 дақиқада, шаҳар ичи бўйлаб ҳаракатланганда 45 дақиқада манзилга бориш мумкин. Янги йўл орқали 30 дақиқа вақт тежалади. Шу билан бирга ёқилғи сарфи ҳам камаяди. Ушбу йўл орқали халқаро юк ташувчи транспорт воситалари, вилоятлараро, шаҳарлараро қатновчи, Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент йўналишидан Қоровулбозор, Когон тумани ва шаҳри ёки Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига чиқишни истаган ҳайдовчилар, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳрига борадиган ҳайдовчилар янги йўлдан унумли фойдаланишлари мумкин. Бу ўз навбатида ҳам вақтни, ҳам ёқилғининг тежалишига олиб келади.
Гувоҳ бўлганимиздек, амалга оширилаётган туб ислоҳотлар инсонларга қулайлик яратишга қаратилган. Шундай экан, ҳайдовчилар ва кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрига келиб кетувчи меҳмонларнинг А-380-Б “Бухоро халқа автомобиль йўли”дан унумли фойдаланган ҳолда узоғи яқин ва сафари бехатар бўлсин.
ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.