9900 АҚШ долларини ноқонуний олиб чиқиш ҳолати фош этилди
Хоразм вилояти божхона бошқармасининг “Шовот чегараолди савдо зонаси” чегара божхона пости ходимлари томонидан ноқонуний валюта айланмаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйилди.
Хусусан, пост орқали қўшни Туркманистон давлатига чиқиб кетаётган фуқаро божхона назоратидан ўтказилганда, олиб чиқиш меъёридан ортиқ бўлган 9900 АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишга уринганлиги аниқланди. У мазкур пул маблағини пост орқали ҳаракатланаётган 3 нафар фуқарога маълум ҳақ эвазига бўлиб бериш орқали божхона назоратидан яширинча олиб ўтмоқчи бўлган.
Божхона назорати давомида аниқланишича, фуқаронинг ёнида олиб чиқиш учун рухсат этилган эквиваленти 100 миллион сўмгача бўлган нақд пул маблағлари мавжуд бўлган. Қўшимча 9900 АҚШ доллари эса белгиланган меъёрдан ортиқ бўлгани сабабли божхона органларидан яшириб, алдов йўли билан олиб чиқилаётганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири