92 ёшли чавандоз ва Хуммоннинг машҳур қуртобаси
Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига қарашли Хуммон ва Қорабайир қишлоқлари тоғ олдида жойлашган сўлим ва бетакрор масканлардан. Айниқса, бу йил баҳорнинг серёғин келгани асосан лалми экинлар етиштириладиган, чорва ўтлатиладиган кенг майдонларга ўзгача ҳусн бағишлаган.
Бу манзил сари бепоён яшилликлар оралаб йўл олар эканмиз, қалбимиз шавққа тўлади. Мусаффо ҳаводан тўйиб нафас оламиз. Қишлоқлар ортида паға-паға булутлар билан уйғунлашиб кетган қорли чўққилар эса кўзни қувнатади.
Машинамиз мотори сойликларда икки кун аввал ёққан ёмғирдан йиғилиб қолган лойларда асабий гувиллайди, шиналар сирпанади. Ҳар бир довон ортида эса яна бир эртакнамо гўзаллик намоён бўлади. Табиатнинг бу жозибаси инсонга экстремал завқ ҳам, руҳий ором ҳам бағишлайди.
Аслида, бу манзилга бизни ижтимоий тармоқларда тарқалган 92 ёшли чавандоз ҳақидаги хабар етаклаб келаётган эди. Аммо йўл-йўлакай ҳудуднинг ўзига хос табиати, меҳнаткаш ва самимий одамлари ҳақида ҳам тўхталишни лозим топдик.
Ниҳоят Хуммон қишлоғига етиб келдик. Бизга ҳамроҳлик қилган “Ҳисор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Фарруҳ Пўлатов кейинги йилларда ҳудуд аҳолиси томорқачилик борасида сезиларли ютуқларга эришаётганини айтиб, хонадонларга бошлади.
[gallery-28947]
Тоғли ҳудуд бўлгани боис бу ерда сув масаласи долзарб. Шу сабаб аҳоли асосан лалми деҳқончилик билан шуғулланади.
Хуммонлик Сарвигул Жўраева – ёлғиз она. Бир нафар фарзанди бор. Бахтсиз ҳодиса туфайли турмуш ўртоғидан айрилган. Аммо у ҳаёт синовлари олдида таслим бўлмаган. Оёққа туриш, рўзғор тебратиш ва фарзандини муносиб тарбиялаш учун меҳнат қилмоқда.
У томорқасида картошка, пиёз, нўхат экиб, деҳқончилик қилади. Юзлаб мевали дарахт кўчатларини парваришлаб, яхши ҳосил олмоқда.
– Ёзда сув танқис бўлиб қолади, – дейди Сарвигул Жўраева. – Дарахтларимни челаклаб суғораман. Экинларимга ишлов бераман. Ҳосил пишгач, сотамиз. Маҳалла аҳли ташаббуси билан сув келтириш режалаштирилган. Агар шу иш ҳал бўлса, деҳқончиликни янада ривожлантирамиз. Бўш вақтимда кашта тикиш билан ҳам шуғулланаман.
Дарҳақиқат, Хуммонда кейинги йилларда касаначилик асосида каштачилик аёллар учун даромадли йўналишга айланмоқда. Шу қишлоқлик Шодниса Маҳмудова ўн нафардан ортиқ аёлни атрофига жамлаб, бўш вақтларида кашта тикмоқда.
– Қишлоғимизда чорвачилик яхши ривожлангани учун азалдан жундан гилам тўқиш, кашта тикиш урф бўлган, – дейди у. – Лекин буни тадбиркорликка айлантирмаган эканмиз. Кейинги йилларда Шаҳрисабз шаҳридаги ҳунармандчилик маркази билан шартнома асосида буюртмалар олиб, кенг кўламда ишлаяпмиз. Қанча кўп маҳсулот тайёрласак, даромад ҳам шунча яхши бўлади.
Айтганча, хуммонликлар тайёрлайдиган қурт ва ундан пишириладиган қуртоба таъмининг ўзгачалиги билан машҳур. Бунинг сабаби доривор гиёҳларга бой яйловларда озиқланган чорвадан олинадиган сутнинг сифатида.
Қишлоқдаги самимий инсонлар билан суҳбат асносида қуртобанинг тайёрланиш жараёнини бевосита кузатиш ва таъмини татиб кўриш насиб этди.
Тошдай қаттиқ қуритилган қурутлар катта товоққа солинади. Устига қайноқ сув қуйилиб, қўлда айлантирилади. Қурут аста-секин эрий бошлайди. Гигиеник талабга кўра, биринчи сув тўкиб ташланади. Кейингилари йиғиб борилади. Бу жараён қурут батамом эримагунча бир неча марта такрорланади. Кўринишидан айронни эслатувчи суюқликка қорин ёғи қўшилиб, учоқда пиширилади. Сабр ва меҳр билан тайёрланган бу таомнинг таъми эса узоқ вақт тилда қолади.
Қишлоқ оқсоқоли Абдуҳалил Холмуродовнинг айтишича, Хуммон қишлоғининг тарихи қадимий. Илгарилари сув танқис бўлгани учун ичимлик сувини ташиб келиб, катта хумларда сақлашган. Қишлоқ номи ҳам шундан қолган.
Хуммонга ёндош Қорабайир қишлоғи ҳам бор. Номи икки хил бўлса-да, қишлоқларнинг тўйи ҳам, маъракаси ҳам бир. Одамлари бир-бирига қариндош, қондош.
Биз излаган 92 ёшли чавандоз Аҳмад бобо Раҳимов айнан шу қишлоқда яшар экан.
Сиймосидан нур ёғилиб турган, қотмагина отахон биз билан кўришаркан, қўлларимизни маҳкам сиқди. Ҳали-ҳамон билаклари бақувват. Учлари эгрилашган бармоқлар эса йиллар давомидаги кўпкари беллашувларининг шиддатидан сўзлаб турарди.
Адирнинг кунгай бетида чўккалаб, фахрий чавандоз билан суҳбатлашдик.
– Кўриб турганингиз мана шу тоғларда 40 йил от чоптирдим, – дейди Аҳмад бобо. – Ҳеч бир тўйдан совринсиз қайтмаганман. “Раздва” лақабли отим бор эди. 20 йил мен билан кўпкариларда қатнашди. Отдан содиқ дўст тополмайсиз.
Қишлоқдошлари айтишича, чавандоз бува сира ютқазмаган. Ҳатто у келмасин деб яширинча кўпкари уюштирилган пайтлар ҳам бўлган экан.
– Кўпчилик қишлоқдошларингиз чавандоз бува сира ютқазмаган. Ҳатто зотларни ҳаммасини олиб кетади, дея сиздан яшириб кўпкари ўтказилган ҳолатлар ҳам бўлган экан, бунинг сири нимада?
– Доим тўғри юрдим, ҳалолликни бош мезон қилдим, – дейди кекса чавандоз. – От ҳам, кўпкари ҳам эгриликни, ҳаромни ёқтирмайди. Шунинг учун ғалаба қозонганман. Шу ёшимгача ҳам шундай яшаб келяпман. От миниш инсонни соғлом қилади. Шунинг учун бўлса керак, бир марта ҳам шифохона эшигини кўрмаганман.
Аҳмад бобонинг довруғи, ютуқлари, ҳалоллиги ва матонати нафақат Қорабайирда, балки атрофдаги қишлоқларда ҳам ёш чавандозларга ғурур ва ибрат бағишлайди. “Аҳмад четгир” лақаби билан машҳур чавандоз 92 ёшида ҳам бардам.
Очиғи, биз унинг ҳали ҳам от минишини кўриб ишонмадик. Аҳмад бобо кўз ўнгимизда ҳассасини четга қўйиб, мустақил отга минди. Ҳатто уни йўрғалатиб ҳам келди. Кекса чавандоз эгарда экан, от ҳам уни таниди, амрига бўйсунди.
Баҳаво манзил, мўътадил иқлим, табиий гиёҳларга бой тоғу тошлар, болдек ширин зилол сувлар. Буларнинг барчаси инсоннинг соғлом ва қувватли бўлишига хизмат қилади. Буни Аҳмад бобо мисолида яна бир бор кўриш мумкин.
Хуммон ва Қорабайир сафари бизда бир ҳақиқатни яна бир бор англатди: тоғ қишлоқларида ҳаёт оғир бўлиши мумкин, аммо бу ердаги одамлар қалби мустаҳкам, иродаси тоғдек баланд.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари