900 нафар ҳарбий хизматчига ипотека асосида уй-жой берилган
2026 йилнинг сентябрь ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига 2,5 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кам. Мурожаатларнинг 1 минг 203 таси қаноатлантирилган, 1 минг 130 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 72 таси кўриб чиқиш жараёнида.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда қўмита аъзолари Мудофаа вазирлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини кўриб чиқдилар.
Йиғилишда қайд этилганидек, Мудофаа вазирлиги томонидан мурожаатлар билан ишлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида ҳарбий хизматчиларнинг мурожаатлари асосида 900 нафар ҳарбий хизматчи ипотека асосида уй-жой билан таъминланган. 810 нафар ҳарбий хизматчининг хизмат жойини ўзгартиришга оид мурожаатлари ижобий ҳал этилган.

Тиббий таъминот йўналишида 217 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, 5 минг 262 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилган. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг жами 1 минг 426 нафар фарзандига олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилган.
Мурожаатлар билан ишлар йўналишида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил қилинган, 24 соат фаолият юритувчи «15-30» қисқа рақамли «Call center» хизмати йўлга қўйилган.
Муҳокамаларда қўмита аъзолари вазирликнинг мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш бўйича таклиф-тавсиялар билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА