90 миллион сўмлик “иккинчи имконият”: “супер-контракт” қанча туради?
Яқиндагина ОТМларга кириш тест синовлари натижалари эълон қилинди ва кўплаб абитуриентлар талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Қайд этиш лозимки, тест синовлари натижаларидан норози бўлган абитуриентлар тегишли тартибда апелляция аризаларини бериши мумкин.
Абитуриент учун тест натижаси — бир неча балл фарқ билан катта қарорга айланиши мумкин. Кимдир талаба бўлиш орзусига бир қадам қолганда тўхтаб қолади, кимдир эса қўшимча тўлов эвазига ўқиш имкониятидан фойдаланиш йўлини танлайди. Бу имконият — табақалаштирилган, яъни “супер-контракт”. Айни пайтда айрим олий таълим муассасалари томонидан 2026/2027 ўқув йили учун “супер-контракт” миқдорлари эълон қилина бошланди. Абитуриентлар учун эса энг қизиқ савол битта: орзу қилинган университетда ўқиш учун қанча тўлаш керак бўлади?

Ўтган ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини олий таълим муассасалари ректорлари мустақил белгилаши мумкин. Бунда қабул чегарасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори базавий тўлов-контрактнинг камида 3 баравари миқдорида белгиланади. Демак, абитуриентнинг асосий натижаси қабул балидан бироз паст бўлган тақдирда ҳам, белгиланган шартлар асосида қўшимча тўлов билан талаба бўлиш имконияти мавжуд.

Масалан, Термиз давлат университетида табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари таълим йўналишига қараб 29,6 миллион сўмдан бошланмоқда. Энг юқори сумма эса ҳуқуқ ва бошқарувга оид йўналишларда белгиланган. Хусусан, юриспруденция, халқаро муносабатлар ҳамда давлат ва жамият бошқаруви йўналишларида супер-контракт миқдори 90 миллион сўмни ташкил этмоқда. Яъни айрим йўналишларда абитуриент учун “бир неча балл етмади” деган ҳолат молиявий жиҳатдан ҳам анча жиддий қарорни талаб қилиши мумкин. Энг муҳими, ҳар бир ОТМ ва таълим йўналиши бўйича супер-контракт миқдори бир хил эмас. Шу сабабли абитуриентлар ўзлари танлаган университетнинг расмий маълумотларини кузатиб бориши керак.
2025/2026-ўқув йили қабулида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таҳсил олиш истагини билдирган абитуриентларга бир йиллик ўқитиш қийматининг 50 фоизини 2025-йилнинг 31-октябрга қадар (шу куни ҳам) тўлашга рухсат берилади. Аризалар онлайн қабул қилинади.

Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, иккинчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бири бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра устуворлиги бўйича танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди (мақсадли қабул асосида талабаликка тавсия қилинганлар бундан мустасно).
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА