9 ойда 44,3 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредит ўзлаштирилган
Парламент қуйи палатаси мажлисида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Қудратовнинг “Ҳудудларда чет эл инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилиш, инвестициявий самарадорликни баҳолаш ва инвесторлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Тақдим этилган жавобга кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 44,3 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган. Шу даврда қиймати 3,8 миллиард доллар бўлган 106 та йирик лойиҳа ишга туширилиб, 13,8 мингта иш ўрни яратилган.
Шунингдек, инвестиция лойиҳалари ижросини рақамли мониторинг қилиш, уларда юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, махсус иқтисодий зоналар бошқарувини такомиллаштириш ҳамда давлат кафолати остида жалб этилган хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазир жавобида келтирилишича, махсус иқтисодий зоналарнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилган. Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари мамлакатимизнинг халқаро савдо мажбуриятларига мувофиқлаштириб борилмоқда.
Муҳокамаларда инвестициялар самарадорлигини ошириш, ҳудудларнинг мавжуд салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб иқтисодий қайтими юқори лойиҳаларни танлаш, маҳаллий корхоналар билан кооперацияни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Мажлисда парламент сўровига жавоб бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА