9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Фахрий журналист ҳолидан хабар олинди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов ҳамда навоийлик бир гуруҳ журналистлар узоқ йиллар матбуот соҳасида самарали фаолият юритган фахрий журналист Муаззам Қодирова хонадонида бўлиб, устоз ижодкор ҳолидан хабар олди.

Самимий кечган мулоқотда устоз журналистнинг кўп йиллик ижодий фаолияти, ҳаёт тажрибаси ва матбуот соҳаси ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўли, касбга садоқати ва меҳнатсеварлиги бугунги ёш журналистлар учун ҳақиқий ибрат мактаби экани таъкидланди. Учрашув чоғида турмуш ўртоғи марҳум журналист Абдуваҳоб Пирматов хотираси ҳам ёдга олинди.
– 1974 йилда журналистика факультетини тамомлаб, турмуш ўртоғим Абдуваҳоб Пирматов билан “Кармана овози” газетасида илк меҳнат фаолиятимни бошлаганман. Ўша йиллар ҳаётимнинг унутилмас саҳифаларидан бири бўлиб қолган, – дейди Муаззам Қодирова. – У киши мен учун нафақат турмуш ўртоқ, балки ҳақиқий устоз ва елкадош ҳам эди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Абдуваҳоб Пирматов ўз фаолиятини “Кармана овози” газетасида бошлаб, кейинчалик матбуот соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. У 2000 йилдан вафотига қадар “Халқ сўзи” газетасининг Навоий вилояти бўйича мухбири сифатида фаолият юритган.
Учрашув давомида устоз ва ёш журналистлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларни касбга муҳаббат ва масъулият руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида фахрий журналистга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА