Моддий ёрдам ажратилди
Янги таҳрирдаги Конституцияда ижтимоий давлат сифатида белгиланган Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида инсонпарварлик сиёсати алоҳида устуворлик касб этмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 28 октябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини куз-қиш мавсумида ижтимоий ҳимоя қилишга катта туртки берди.

Ушбу фармонга биноан, жорий иситиш даврида белгиланган тоифадаги эҳтиёжманд оилаларга шу йил ноябрь ойида бир миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш назарда тутилган. Қолаверса, электр энергияси ва табиий газ учун харажатларни қоплаш, кўмир харидининг бир қисмини компенсация қилиш сингари қўшимча имтиёзлар ҳам эътиборга олинган.

Айни кунларда Наманганда ҳам иситиш мавсумида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам маблағларини ўз манзилларига етказиш ишлари ташкил этилмоқда. Қайд этиш жоиз, вилоятдаги моддий ёрдамга муҳтож 100 мингга яқин оилага ажратилган қарийб 100 миллиард сўм пуллар иситиш мавсумида электр энергияси, табиий газ ва кўмир хариди билан боғлиқ харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев Наманган туманидаги маҳаллаларда бўлиб, фуқароларга бир марталик моддий ёрдам ажратилгани тўғрисидаги махсус хабарномаларни етказди.
Бундай йўқловлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида агентлик қошидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида ўткказилмоқда.

– Хорижий давлатда меҳнат фаолиятимни олиб бораётган вақтимда кутилмаган бахтсиз ҳодиса туфайли оғир жароҳат олдим. Ана шундай оғир кунларда давлатимиз бизни ёлғиз қолдирмади, имкон қадар моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда, – дейди Давлатобод туманидаги Елхон маҳалласида яшовчи Анваржон Қўшмонов. Ўтган йили куз-қиш мавсумида бир марталик моддий ёрдам олган эдик. Бу йил ҳам ушбу ёрдамни олишимиз ҳақида хабарнома етиб келди. Очиғини айтганда, бу маблағ биз учун жуда катта кўмак. Уни кўмир харид қилишга сарфлаб, қиш кунларида уйимизни иситиш учун ишлатамиз. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.

Дарҳақиқат, совуқ кунларда эҳтиёжманд кишиларга кўрсатилаётган бундай кўмак аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, қиш мавсумини муносиб ўтказиш, “Инсон қадри учун!” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири