Зангиота тумани ҳокимининг 2012 йил 27 декабрдаги қарори билан “Ўртасарой” маҳалласи ҳудудидан фуқаро С.Ю.га 30 йил муддатга ижара асосида бир гектар лалми ер майдони ажратилган.
Унинг қариндоши Р.Ю. ерни сотиб фойда қилишни кўзлаб, ерни 80 минг АҚШ долларига пулламоқчи бўлди.
Ерни олмоқчи бўлган харидорга эса ҳокимлик тизимидаги мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришга ваъда ҳам берди.
Аммо келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида у ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу тезкор тадбир фуқаро Г.К.нинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлимига қилган мурожаатига асосан, Бош прокуратура ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.Ю.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
ЎзА