8 ойда такси агрегаторлари орқали 329 миллион марта йўловчи ташилган
Транспорт хизматларининг энг оммабоп турларидан бири бўлган такси соҳасида рақамлаштириш ва солиқ маъмуриятчилигининг кучайиши реал иқтисодий айланмани аниқроқ кўриш имконини бермоқда. 2026 йил январь–август ойларида такси агрегаторлари орқали 329 миллион марта йўловчи ташилган, хизматлар айланмаси эса 7,2 триллион сўмдан ошган.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бу даврда 242 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бу нафақат соҳадаги пул оқимларини шаффофлаштириш, балки хизматлар ҳажми, ҳайдовчилар даромади ва солиқ тушумларини аниқ ҳисобга олиш учун ҳам муҳим қадам бўлмоқда.
Январь–август ойларида такси хизматларининг умумий айланмаси 7,2 триллион сўмдан ошди. Шундан 4,5 триллион сўм, яъни 63,1 фоизи нақд тўловлар ҳисобига тўғри келган. Қолган 2,6 триллион сўм ёки 36,9 фоиз эса нақдсиз тарзда амалга оширилган. Бу кўрсаткич такси хизматларида нақд пул ҳали ҳам асосий тўлов воситаси бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ нақдсиз тўловларнинг қарийб 37 фоизга етиши соҳада рақамли тўловлар улуши ҳам сезиларли даражада шаклланганидан далолат беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, бир мартаги йўлов учун ўртача чек 21 минг 785,5 сўмни ташкил этган. Демак, такси хизматларининг умумий айланмасида хизматлар сонининг жуда катта экани асосий омиллардан биридир. Такси агрегаторлари орқали йўловчи ташиш билан 481,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи шуғулланмоқда. Бу рақам такси соҳаси нафақат транспорт хизматлари бозори, балки аҳоли бандлигини таъминловчи муҳим сегментга айланганини кўрсатади. Шу билан бирга, агрегаторлар орқали хизмат кўрсатаётганлар орасида 4 107 нафар аёл ҳам бор.
Ҳайдовчиларнинг даромадлари эса бир хил эмас. Январь–август ойларида 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олганлар 7,9 минг нафардан зиёдни ташкил этган. 50–100 миллион сўм — 31,5 минг нафар, 10–50 миллион сўм — 124,4 минг нафар, 5–10 миллион сўм — 59,9 минг нафар, 1–5 миллион сўм — 123,6 минг нафар, 1 миллион сўмгача даромад олганлар — 133,7 минг нафарни ташкил этади. Рақамлардан кўриниб турибдики, ҳайдовчиларнинг даромадлари ўртасида катта тафовут мавжуд. Бу ҳолат такси хизматидан кимдир асосий даромад манбаи сифатида, бошқалар эса қўшимча иш сифатида фойдаланаётганини англатиши мумкин.
Автопарк таркибида маҳаллий автомобиллар ҳануз устун мавқега эга. Такси сифатида энг кўп фойдаланилаётган автомобиллар орасида Cobalt 27 фоизни ташкил этмоқда. Nexia эса 19,3 фоиз, Lacetti 16,1 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу уч моделнинг ўзи такси автопаркининг 62,4 фоизини ташкил этади. Бу эса эҳтиёт қисмлар мавжудлиги, таъмирлаш харажатларининг нисбатан қулайлиги, ёқилғи сарфи ва бозорда кенг тарқалгани каби омиллар ҳайдовчилар танловига таъсир қилаётганини кўрсатади.
Электромобилларнинг улуши эса ҳозирча 2,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич келгусида электр транспорт воситалари учун инфратузилма, зарядлаш станциялари ва молиявий рағбатлар кенгайиши билан ўзгариши мумкин. Автомобилларнинг ишлаб чиқарилган йили бўйича таркиби ҳам қизиқ манзарани кўрсатади. Такси автопаркининг 16,3 фоизи 1–3 йиллик, 37,1 фоизи 3–5 йиллик, 17,3 фоизи 5–10 йиллик автомобиллардан иборат. 10 йилдан ортиқ вақт фойдаланилган автомобиллар улуши эса 29,2 фоизни ташкил этган. Демак, ҳар учинчига яқин такси автомобили 10 йилдан эски. Бу эса соҳада транспорт воситаларини босқичма-босқич янгилаш, ёқилғи тежамкор ва экологик тоза автомобиллар улушини ошириш масаласини долзарб қилиб қўяди.
Такси хизматларининг шаффофлашуви давлат бюджети учун ҳам иқтисодий самара бермоқда. 2026 йил январь–август ойларида агрегаторлар томонидан 149,2 миллиард сўм солиқ тўланган. Шундан 46,8 миллиард сўми қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисобига тўғри келган. Бу кўрсаткич такси бозорида рақамли ҳисоб ва солиқ органлари билан интеграция нафақат хизматлар айланмасини аниқлаш, балки бюджет тушумларини ошириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли эканини кўрсатади.
Такси соҳасидаги 7,2 триллион сўмлик айланма бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: агрегаторлар орқали фаолият юритиш оддий хизмат кўрсатишдан ташқари, катта иқтисодий сегментга айланган. Соҳадаги рақамлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, олдин расмий статистикада тўлиқ акс этмаслиги мумкин бўлган хизматлар ҳажми, ҳайдовчилар даромади ва тўловлар таркиби энди рақамларда намоён бўлмоқда.
Келгусида нақдсиз ҳисоб-китоблар улушининг ортиши, электромобиллардан фойдаланиш кенгайиши ва автопаркнинг янгиланиши такси бозорининг иқтисодий самарадорлигига таъсир қилиши мумкин. Энг муҳими, шаффофлик кучайгани сари бозорда ҳалол рақобат, солиқ интизоми ва хизмат сифати учун ҳам янги шароит пайдо бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА