7 ёшли шахматчимиз Осиё чемпионатида қатнашмоқда
Россия Федерациясининг Тула вилоятида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасидаги 20-Осиё чемпионати мусобақалари ўтказилмоқда.
12 та мамлакатнинг ёш “ақл гимнастикаси” соҳиблари дона сураётган мазкур қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг бир нафар аъзоси Муҳаммадюсуф Баҳромов 7 ёшгача бўлганлар ўртасидаги баҳсларда Осиё чемпионлиги учун кураш олиб бормоқда.
Чемпионатнинг ортда қолган стандарт йўналиши 6 тур якунларига кўра, ёш шахматчимиз 4 та ўйинда ғалаба, 2 тасида дуранг қайд этиб, 27 нафар иштирокчи орасида 5 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Турнир жадвалида 7 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида ҳиндистонлик Дхаранипатия Хималан 5,5 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. 3- ва 4-ўринларда ҳаракатланаётган россиялик ёшларда 4,5 очко мавжуд.
Ҳамюртимиз ўтказилган баҳслар давомида 2 нафар россиялик, бир нафардан туркманистонлик ва қозоғистонлик тенгдошларидан устунликка эришди. Россиялик ва ҳиндистонлик рақиблари билан муроса йўлини танлади.

Бугун, 6 октябрь куни қитъа биринчилигининг 7-тур ўйинларида Муҳаммадюсуф Баҳромов 4,5 очко билан 3-ўринни банд этган россиялик Роман Яновский билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат Осиё чемпионати мусобақалари 8 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА