ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 82-умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” республика танловининг туман босқичи ўтказилди.
Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида буюк жадид боболаримиз, аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, маънавий дунёсини бойитиш мақсадига қаратилган танлов 6-, 7-, 8- ҳамда 9- ва 10-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилмоқда.
[gallery-20149]
Танлов низомига кўра, иштирокчилар туман босқичида 100 баллик тизимда баҳоланди. Улар 2 та шарт асосида саралаб олинди. Биринчи шартда ҳар бир иштирокчи жадидлар ҳаёти ва ижодига оид 25 та тест саволига жавоб берди. Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган ўқувчилар кейинги шартда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи шартда иштирокчилар билет тортиш орқали уч нафар жадиднинг ҳаёти ва ижодига оид саволларга ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 1 нафар (6-8-синф 1 нафар, 9-10-синф 1 нафар)дан, жами икки иштирокчи танловнинг ҳудудий босқичига йўлланма олди.
6-, 7- ва 8-синф иштирокчилари ўртасида биринчи ўрин тумандаги 60-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Ганжина Тўйчиевага, 9-10 синфлар ўртасида ғолиблик 41-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Мадина Ўраловага насиб этди.
Ғолиблар вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш керак, республика миқёсида энг кўп, яъни, 67 минг 551 нафар сурхондарёлик ўқувчи ушбу танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА