6 ойда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига 95 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган
Аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш уларда кўтарилаётган муаммоларга ечим топиш, сабабларини бартараф этишда муҳим омил ҳисобланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Миграция агентлигининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш ҳолати юзасидан ахборотлари эшитувида шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қўмита эшитувида эса ушбу вазифаларнинг жойлардаги ижроси, мурожаатларни кўриб чиқиш сифати, қабул қилинаётган қарорларнинг амалий самарадорлиги ҳамда такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган омиллар атрофлича таҳлил қилинди.
Қўмита эшитувида тақдим этилган ахборотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига 45 мингдан ортиқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига 54,5 мингга яқин, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига 95 мингдан зиёд ҳамда Миграция агентлигига 44,5 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти бўйича ижобий натижаларга эришилган.
Муҳокамаларда депутатлар мурожаатларнинг мазмуни, келиб чиқиш сабаблари, ҳудудлар кесимидаги ҳолат, такрорий мурожаатлар динамикаси ва масъул идоралар томонидан кўрилаётган чораларнинг натижадорлиги юзасидан қатор саволларни ўртага ташлади.
Шунингдек, ҳар бир мурожаатни чуқур таҳлил қилиш, унинг сабабларини бартараф этиш ва такрорий мурожаатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди. Бу борада мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, тизимли муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича қонунчилик ҳамда амалий механизмларни янада такомиллаштириш лозимлиги билдирилди.
М.Комилова, ЎзА