Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бўйича magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилди. Аризаларни кўриб чиқиш натижасида кўплаб мурожаатлар турли муайян (танланган мутахассислик битирувчининг таълим йўналиши бўйича мос ёки турдош эмаслиги, сўралган ҳужжат ўрнига бошқа ҳужжат юкланган ёки тўлиқ юкланмаган, юкланган ҳужжатлар сифатсизлиги ҳамда бошқа) сабабларга кўра рад этилган.
Шуни инобатга олиб, 1–30 июль кунлари magistr.edu.uz тизимидан магистратурага ўқишга кириш учун ариза юборган ва камчиликлар мавжуд бўлгани сабабли аризаси рад этилган талабгорларга жорий йил 6–8 август кунлари аризаларни қайта таҳрирлаш имконияти яратилди.
Ушбу муддатдан сўнг таҳрирлашга йўл қўйилмайди ва камчиликлар бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификати талаб даражасида бўлмагани сабабли рад этилган аризаларни таҳрирлаш тавсия этилмайди, мазкур ҳолда қайта таҳрирланган аризалар эса кўриб чиқилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА