Жорий йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасида АҚШнинг 22 нафар ва пойтахтимиздаги Болалар миллий тиббиёт марказининг етакчи мутахассислари томонидан “Саломатлик ойлиги” ўтказилади.
Ойлик доирасида 60 га яқин юрагида нуқсони бўлган бемор болада юқори технологик операциялар амалга оширилади.
Олдиндан пухта тайёргарлик кўришни талаб қиладиган жараён олдидан Болалар миллий тиббиёт марказининг 6 нафар мутахассиси Қорақалпоғистон Тиббиёт институтининг клиникасига ташриф буюриб, ташкилий масалаларни ўрганди.
Моддий техник базани шакллантириш, операция ўтказиладиган залларни тайёрлаш, зарур сарфлов материалларига бўлган эҳтиёж манбасини аниқлаш ва шакллантириш ишлари бошланди.
Шунингдек, операцияга муҳтож бўлган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, саралаб олишга эътибор қаратилмоқда.
Пойтахтлик мутахассислар клиникадаги шароитлар билан тўлиқ танишиб, болалардаги юрак нуқсонларини аниқлаш ва уларга ташхис қўйиш ишларини давом эттирмоқда.
М.Қосимова, ЎзА