50 йиллик тараққиёт ва янги технологик ечимлар
Бугунги кунда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши инсон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Замонавий қурилмалар нафақат иш ва таълим жараёнларини енгиллаштириш, балки кундалик турмушда қулайлик ва самарадорликни оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, технологик компанияларнинг инновацион ечимлари ва янги маҳсулотлари инсон эҳтиёжларига мослашиб, технологиялардан фойдаланишнинг янги имкониятларини яратмоқда.
Пойтахтимизда “Acer” халқаро технологик компанияси фаолиятига бағишланган тақдимотда замонавий технологиялар ривожи ва компаниянинг келгусидаги йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Соҳа вакиллари, масъуллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда “Acer” компаниясининг EMEA минтақаси бўйича вице-президенти Григорий Низовский сўзга чиқиб, компаниянинг 50 йиллик тараққиёт йўли, бугунги технологик йўналишлари ва истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берди.

– Жаҳоннинг етакчи технологик брендларидан бири бўлган “Acer” жорий йилда асос солинганининг 50 йиллигини нишонламоқда, – деди Григорий Низовский. – Унинг тарихи 1976 йил 1 августда Тайванда бошланган.
Компания 25 000 доллар капитал билан, “Multitech” номи остида таъсис этилган бўлиб, дастлаб микропроцессорли технологиялар соҳасида маҳсулотлар савдоси, ишлаб чиқилиши ҳамда консалтинг билан шуғулланган. 1987 йилда “Multitech” компанияси “Acer” номини олди. Беш ўн йиллик давомида компания технологик стартапдан халқаро гуруҳ даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Бугунги кунда у 160 дан зиёд мамлакатда фаолият юритиб, истеъмолчилар, бизнес ва таълим сектори учун турли технологик ечимларни таклиф этмоқда. Компания ўз маҳсулот экотизимини кенгайтириш билан бир қаторда, янги йўналишларни ривожлантириш ва барқарор тараққиёт тамойилларига ҳам эътибор қаратмоқда. Компания миссияси инсонлар ва технологиялар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиб, инновацияларни янада ҳамёнбоп қилишга қаратилган. Гуруҳ бутун дунё бўйлаб 12 мингга яқин ходимни бирлаштиради.

Компаниянинг бугунги фаолиятида сунъий интеллект муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланмоқда. Шу муносабат билан тақдимот давомида қурилмалар ва дастурий ечимларда сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш, технологияларни шахсийлаштириш ва улардан кундалик ҳаётда фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган ёндашувлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, технологияларнинг бугунги ривожланиш тенденциялари компаниянинг келгуси режаларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, интеллектуал қурилмалар, шахсийлаштирилган таълим, инсон ва сунъий интеллект ҳамкорлигининг янги шакллари, тиббий технологиялар, ақлли маконлар ҳамда барқарор ривожланишга хизмат қилувчи ечимлар истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган. Бу эса технологик маҳсулотларнинг анъанавий компьютер сегментидан ташқарида ҳам ривожланишига замин яратмоқда.
Тақдимот якунида Григорий Низовский журналистларнинг саволларига жавоб бериб, компаниянинг технологик тараққиёт, инновациялар ва янги маҳсулот йўналишларига оид режалари юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА