Жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтди.
Шундан сўнг, соҳани яхшилаш учун бир неча йўналишдаги ишларга старт берилди.
Жумладан, ФҲДЁ архивидаги ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш, электрон тизимни бошқа давлат идоралари тизимлари билан интеграция қилиш, тўловларни амалга оширишда шаффофлик, ФҲДЁ бўлимларини зарур моддий техника билан таъминлаш, соҳа ходимлари меҳнатига адолатли ҳақ тўлаш ва энг муҳими — малакали кадрларни саралаб олиш учун аттестация ўтказиш.
Бугун биз айнан аттестация ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига янги тизимни қабул қилгач, моддий база, коррупцияни олдини олиш учун ойликларни яхшилаш билан биргаликда, ФҲДЁ идораларини малакали ва халқимизга виждонан хизмат қилишга тайёр кадрлар билан тўлдиришга киришди. Бунинг учун авваламбор, мавжуд бўлган кадрларни билим ва кўникмаларини аниқлаш керак бўлган.
Албатта, ушбу синов ходимлар томонидан турлича қабул қилинди. Кимдир уни қўллаб-қувватлаган бўлса, қарши бўлганлар ҳам йўқ эмасди. Бироқ, ўз билим-кўникмаларига ишонганлар аттестация мутахассисларни ўз устида ишлашга, соҳа бўйича малакасини оширишга ёрдам беради деган фикрга келишди.
Мисол учун, Наманган вилояти Уйчи тумани ФҲДЁ бўлимидан ишлаб келаётган Нигора Дўстбоева шундай дейди:
— Тўғриси, аттестация ўтказилар экан деб эшитган кунимдан то бўлиб ўтгунича роса ҳаяжонландим. Бизга саволларни тақдим қилишганида жамоа бўлиб, назария ва амалиётни биргаликда олиб бордик. Натижалар эса биз истагандек бўлганидан хурсандман. Бу каби синовлар тез-тез ўтказилиши тарафдориман. Сабаби, ходималар билмаганларини билиб олди, билганларини эса, қолганлар билан ўртоқлашди. Келгусидаги меҳнат фаолиятини олиб боришда мана шундай аттестацияларнинг ўрни беқиёс. Мен ўзим учун жуда кўп маълумотларга эга бўлдим.
Аттестация қай тартибда ўтди?
Аттестация жараёнида берилиши мумкин бўлган саволлар барча ходимларга 30 кун олдин берилган. Яъни, барча мутахассисларга тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт ва тенг имконият берилган.
ФҲДЁ органларида асосан ҳуқуқшунослар ишлаганлиги сабабли, саволлар бир неча йўналишда, хусусан умумий ҳуқуқ соҳаси, фуқаролик ҳуқуқи ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ҳам тузилган эди. Хизмат вазифаси юзасидан суд, нотариат органлари билан ҳамкорликда фаолият юритишга тўғри келгани боис, бу соҳалар юзасидан ҳам саволлар қўшилган. Асосий эътибор, айнан ФҲДЁ соҳасига оид саволлар, казуслар — кундалик фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган зиддиятли вазиятларга қаратилган эди.
Ушбу жараён мутлақо шаффоф тарзда ўтказилиб, кузатиш истаги мавжуд бўлган барча шахслар уни Давлат хизматлари агентлигининг расмий веб-сайти ҳамда ютубдаги расмий саҳифаси орқали кузатиши мумкин эди.
Синовдан ким ўтди?
ФҲДЁ соҳасида умуман олганда 825 нафар ходим меҳнат қилади.
Мутахассисларнинг 353 нафарига бола парвариши таътили, 3 ёшгача фарзанди бўлганлиги боис қонунчиликка мувофиқ имтиёз берилди. Уларнинг синов муддати маълум муддатга кечиктирилади.
Бўлиб ўтган аттестацияда ходимларнинг 473 нафари иштирок этди. Шундан, 163 нафари эгаллаб турган лавозимига лойиқ деб топилди.
102 нафар ходим шартли равишда синовдан ўтди. Яъни ушбу ходимлар белгиланган тартибга кўра 6 ойдан сўнг қайта аттестациядан ўтказилади, топшира олмаганлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Синовларда иштирок этган ходимларнинг 44 %, яъни 208 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Мазкур малака синовидан муваффақиятли ўтган, тизимда ҳалоллиги, билимдонлиги туфайли бугун касбдошларига ўрнак бўладиган ходимлар халқимизга хизмат қилишда давом этмоқда.
Аттестация фақат имтиҳонми?
Ушбу синовлар нафақат ходимлар малакасини баҳолашга, балки уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга, фаол ФҲДЁ бўлимлар ходимларини аниқлашга ҳам хизмат қилди натижада.
Мисол учун, Самарқанд ва Навоий вилоятлари айрим ФҲДЁ ходимлари, бошқа туманда яшаб туриб, иш жойига узоқдан қатнаб келаётгани аён бўлди. Аттестациядан муваффақиятли ўтган ушбу мутахассисларни муаммоси ўрганилди. Ҳозирда улар уйига яқин жойлашган ФҲДЁларда халқимизга хизмат қилиб келмоқда.
Шунингдек, бир жамоа бўлиб аттестацияга тайёрланган ФҲДЁ бўлимлари ҳам эътиборда бўлди. Масалан, Уйчи тумани ФҲДЁ бўлимидан 3 нафар ходим синовга кирган бўлса, учаласи ҳам малакали жавоб бериб бошқаларга ўрнак бўлди. Келгуси рағбатлантиришларда буларнинг барчаси инобатга олинади, албатта.
Хулоса ўрнида...
Инсон ҳаётда қандай ютуққа эришса бу унинг ҳалол меҳнати ва пухта билими, яқинларининг қўллаб-қувватлаши натижаси туфайлидир. Қолаверса, жамиятда хотин-қизлар фаоллиги муҳим. Ўзгариш ва янгиликларга бой кечаётган давр бугун барчамизнинг олдимизга янги-янги талабларни қўймоқда. ФҲДЁ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, сараланаётган билимли ва малакали ходимлар эса халқимизнинг давлат идораларидан рози бўлишига замин яратади.
Давлат хизматлари агентлиги Ахборот хизмати