40 та миллий техник қўмитанинг 38 таси ISOlution платформасида рўйхатдан ўтказилди
Бугунги кунда иқтисодиёт тармоқларида халқаро стандартларни жорий этиш маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, стандартлаштириш жараёнларини рақамлаштириш соҳадаги ишларни янада самарали ташкил этиш имконини бермоқда.
ISOlution платформаси миллий техник қўмиталар фаолиятини ягона рақамли муҳитда ташкил этишга хизмат қилмоқда. Платформа орқали стандартларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, улар бўйича овоз бериш, экспертлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, халқаро техник қўмиталар билан ҳамкорлик қилиш жараёнлари рақамли шаклда амалга оширилади.
Бундай ёндашув, аввало, ҳужжатлар айланмасини тезлаштириш, иш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва маъмурий юкламани камайтириш имконини беради. Энг муҳими, миллий стандартлаштириш тизимининг халқаро амалиёт билан уйғунлашувига замин яратади.
Айни пайтда республикада стандартлаштириш бўйича 40 та миллий техник қўмита фаолият юритмоқда. Шундан 38 таси ISO техник қўмиталари билан “ОЙНА” техник қўмита тизими асосида шакллантирилиб, ISOlution платформасида рўйхатдан ўтказилган. Мудофаа ва хавфсизлик (тоифаланган йўналиш) ҳамда куч трансформаторлари бўйича техник қўмиталар фаолиятига оид ISO “ОЙНА” техник қўмиталари мавжуд эмас.
Платформадаги амалий жараёнларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирда 25 та миллий техник қўмитага 170 та ISO стандарти лойиҳаси кўриб чиқиш учун келиб тушган. Уларнинг 153 таси бўйича 116 нафар аъзо томонидан овоз бериш амалга оширилган. Яна 17 та стандарт лойиҳаси айни вақтда кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, қолган 13 та техник қўмита соҳасига оид ISO халқаро стандартлари лойиҳалари ҳозирча келиб тушмаган.
Мазкур кўрсаткичлар миллий техник қўмиталарнинг халқаро стандартлаштириш жараёнларида тобора фаол иштирок этаётганини кўрсатади. ISOlution платформасининг жорий этилиши эса ушбу жараёнларни тизимли ва шаффоф ташкил этиш, мутахассислар иштирокини кенгайтириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш учун муҳим рақамли восита бўлиб хизмат қилмоқда. Умуман, халқаро стандартларни миллий амалиётга тезкор жорий этиш миллий иқтисодиёт учун бир қатор муҳим самараларни беради. Жумладан, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, экспорт жараёнидаги техник тўсиқларни камайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорлар талабларига мослашишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Шу боис стандартлаштириш тизимининг рақамлаштирилиши нафақат соҳадаги иш жараёнларини соддалаштириш, балки миллий ишлаб чиқаришнинг халқаро талабларга мослигини таъминлаш ва мамлакатнинг ташқи иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА