Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги «RS Success Agro» масъулияти чекланган жамиятининг бош директори Робия Ибрагимова ўзининг фидойи меҳнати ва янгича қарашлари билан юксак эътирофга сазовор бўлди.
У Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига мувофиқ «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу мукофот тадбиркор аёлнинг қишлоқ хўжалигида инновация ва замонавий технологияларни жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда саноатда янги йўналишларни йўлга қўйишдаги хизматларига бўлган муносиб баҳодир.

– Бугунги ютуқларимиз бир кишининг эмас, бутун жамоамизнинг меҳнати самарасидир, – дейди Робия Ибрагимова. – Биз ерга меҳр билан ёндошдик. Ҳар бир гектардан юқори ҳосил олиш учун илм ва замонавий технологияни жорий этдик. Шу туфайли ҳозир шўрланган ерлар ҳам унумдор далаларга айланмоқда.”

Сўнгги йилларда корхона томонидан қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилди: 1700 гектар майдон сув билан таъминланди, шўрланган ерлар қайта тикланди, 59 та қудуқ қазилди. Еттита йўналишда замонавий лабораториялар ишга туширилди, 140 дан зиёд техника ва агрегат иш жараёнига жалб этилди. Ҳозирги кунда жамиятимизда 150 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, уларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 3,8 миллион сўмдан юқори.

Инновацияга катта эътибор қаратган тадбиркор қуввати 1000 киловаттли қуёш электр станциясини ишга туширди. Шу билан бирга, 14 мингдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.
Робия Ибрагимованинг энг йирик ютуқларидан бири — канопчилик соҳасида қўлга киритилган натижадир. Унинг раҳбарлигида 4 метр баландликда каноп ўстиришга муваффақ бўлинди. Бу натижа юртимизда канопчилик соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

– Каноп — табиат ва иқтисодиёт учун икки томонлама фойдали ўсимлик, – дейди тадбиркор. – У тез ўсади, тупроқни тозалайди, углеродни сингдиради, зарарли кимёвий воситаларга эҳтиёжни камайтиради. Бизда 4 метрли каноп етиштирилиши — бу нафақат агротехникада, балки миллий қишлоқ хўжалигимизда ҳам янги босқич демакдир.
Илмий манбаларга кўра, бундай баланд канопнинг аҳамияти жуда катта. Ундан олинадиган тола узун ва мустаҳкам бўлиб, мато, арғамчи ҳамда саноат композитлари ишлаб чиқаришда қимматли хомашё ҳисобланади. Бундан ташқари, ундан қоғоз, қурилиш материаллари ва биоёқилғи маҳсулотлари ҳам тайёрланади.

Шу билан бирга, каноп уруғидан олинадиган ёғ озиқ-овқат, доривор ва косметик маҳсулотларда кенг қўлланилади. Демак, Ховосда эришилган бу тажриба нафақат қишлоқ хўжалиги, балки тўқимачилик, қурилиш, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Корхона ўз фаолиятида табиий ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Leodar каноп уруғидан олинган ёғ, Leodar steppe honey асали ҳамда Leoria табиий совуни маҳаллий ва хорижий бозорларда харидоргир маҳсулотлардан саналади.
– Биз сифат ва табиийликни асосий қоида қилиб олганмиз, – дейди Робия Ибрагимова. – Каноп ёғи инсон соғлиғини мустаҳкамласа, ундан олинган асал иммунитетни оширади, каноп совуни эса табиий таркиби билан терини парвариш қилади. Бу маҳсулотлар орқали биз нафақат ишлаб чиқариш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни ҳам мақсад қилганмиз.

Тадбиркор аёл ҳомийлик ишлари билан ҳам эътибор қозонмоқда. Ховос туманидаги 2-сонли мактабга замонавий компьютерлар совға қилинди, маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда 3 километр янги йўл қурилишига ҳисса қўшилди.
Шунинг учун ҳам маҳаллий мутахассислар Робия Ибрагимовани “тажрибали раҳбар ва инновацион фикрлайдиган тадбиркор” сифатида эътироф этмоқдалар.
– Мақсадим — фақат фойда олиш эмас, балки вилоятимизда янги иш ўринлари яратиш, ёшларга ишонч бериш ва ерларимизни янада ҳосилдор қилиш, – дейди тадбиркор. – Бизда яратилган тажриба эртага бошқа ҳудудларда ҳам амалиётга татбиқ этилса, бу — мен учун энг катта мукофот бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА