Юртимизда давомли ёғингарчилик – мутахассис кутилаётган хавфлардан огоҳлантирди
Айни кунда юртимиз бўйлаб сурункали ёғингарчилик кузатилмоқда.
ЎзА мухбири ушбу ҳолатнинг иқтисодиётга ижобий ва салбий жиҳатини ўрганиш учун мутахассис билан боғланди.
Ҳозирда кузатилаётган давомли ёғингарчиликнинг ижобий ва салбий томонлари қандай?
Жанубий Деҳқончилик ИТИ, Тупроқшунослик ва Агрокимё лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Шукур Жумаев:
– Март ойининг дастлабки ўн кунлигида кетма - кет ёғингарчиликлар ҳисобига 15 мм атрофида ёғин ёғди. Шунингдек, кунлик ҳароратнинг кўтарилиши баҳор фаслини ўзгача шаклланаётганлигидан далолат беряпти. 8-9-10 март кунлари суғорилган ерларда тупроқнинг 10 см чуқурлигида ҳарорат ўртача 7 даражани кўрсатди. Яъни эрталаб соат 5 да 6 °С кеч соат 17 да 8 °С даражага тенг бўлган.
Бу ҳолатнинг ижобий томонига тўхталсак, мазкур ҳодиса парваришланаётган бошоқли экинлар ҳамда лалмикор ҳудудлардаги қишлоқ хўжалик экинларини ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир этади. Тупроқ юзаси намга тўйинади, сув омборларига сув йиғилади. Қир адирлар сув билан суғорилиб, ўт майсалар ўсиши жадаллашади. Оқибатда майда ва йирик шохли чорва моллари майсага тўяди.
Аммо, сурункали ёғингарчиликнинг ижобий тарафидан салбий жиҳати кўпроқ.
Масалан, ғалла майдонлари азотли ўғитлар билан озиқланган бўлса ривожи тезлашади, аммо озиқлантирилмаган бўлса, етарли сув бўлса-да озуқани етарли бўлмаганлиги сабаб ғалла ниҳолларини ривожи сусаяди. Униб ўсишга қувват етмаганидан сарғайиб қолади. Намликни юқорилиги ва ҳароратнинг ҳам юқорилаб кетгани боис, ғалла экини далаларида зарари юқори бўлган сариқ занг касаллигини кенг тарқалишига шароит яратилади.
Кетма-кет ёғин ёғиши ҳисобига баҳорги далада бажариладиган агротехник тадбирлар, ер текислаш, мола босиш ва пушта олиш ишлари кечикади. Натижада, тупроқнинг табиий намлигига чигит экиб кўчат оладиган ҳудудларда мақбул чигит экиш муддатлари (20-31 март) кечикиши мумкин.
Қолаверса, тупроқдаги ортиқча намлик ҳисобига мола босиш пайтида ер зичлашади, натижада ёш ниҳоллар илдизи ривожланиши сусайиши ҳисобига ниҳол ривожи орқада қолади.
Пушта суғориб “запас” суви ҳисобига чигит ундириб оладиган ҳудудларда техникаларни ерга кириши қийин бўлганлиги сабаб ер текислаш, пушта олиш пуштани суғориш, экиш олди ерни ишлаш (бороналаш) ва экиш ишларини мақбул муддатлари (1-10 апрель) кечикади.
Эрта баҳордаги етарли намлик ва нисбатан иссиқ об-ҳаво бегона ўтларни жадал ривожланишини таъминлайди.
Тирик ҳолда қишлайдиган ҳашаротлар (куги тунлам, ёввойи тунлам, фитономус, ва бошқалар) ривожи тезлашиб, эртачи ғумбакка айланиши ва эртачи ғўзаларга ва бошқа полиз ва сабзавот экинларига зарари ҳам кўпаяди.
ЎзА мухбири Мафтуна Каримова суҳбатлашди.