Хабар берганимиздек, 13 август куни пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» саройида бўлиб ўтадиган профессионал бокс мусобақасида иштирок этиш учун бир қатор таниқли спортчилар, ўнлаб хорижий мамлакатларнинг бокс мутахассислари, реферилар юртимизга келмоқда.
Куни кеча ушбу бокс кечасида жанг ўтказадиган "Токио-2020" олимпиадаси ғолиби ва жаҳон чемпиони, бразилиялик Эберт Соуза Консейсао Тошкентда кутиб олинди.
– Хабарингиз бор, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси яқинда Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)га аъзоликка қабул қилинди. Бу эса юртимизда расмий мусобақалар, семинарлар ўтказишга йўл очди.
«Ҳумо арена»да ўтадиган турнирда ўнлаб спортчилар билан жангларни бошқариб бориш учун хорижлик ҳакамлар ҳам Тошкентга ташриф буюради. Бундан ташқари, турнир доирасида реферилар учун халқаро семинар ўтказилади. Семинар машғулотларини 350 дан ошиқ чемпионлик жангларини бошқарган италиялик таниқли рефери Гуидо Кавалери олиб боради, – дейди Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси Умид Якубов
Мусобақа дастурига асосан эртага, 11 август куни пойтахтимиздаги "Hilton" меҳмонхонасида реферилар учун семинар машғулотлари бошланади.
13 август куни эса ҳакамлар имтиҳон топширади. Ундан муваффақиятли ўтган рефериларга WBC сертификатлари тақдим этилади. Мазкур семинарда қатнашиш учун 22 нафар рефери рўйхатдан ўтган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Гуидо Кавалери 1998 йили халқаро EBU WBO, 1999 йилдан WBC ҳаками ҳисобланади. Ҳаваскор боксда 1500, профессионал рингда эса 500 дан зиёд жангларни бошқарган.
2010-2014 йиллар давомида Италия бокс федерацияси ҳакамлар қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаган Кавалери ҳозирги пайтда халқаро тоифадаги ҳакам ва рефериларни тайёрлаш ишларига масъул этиб белгиланган. У Swiss Boxing, European Boxing Union, World Boxing Council, Нью-Йорк штати Атлетик комиссияси, Нью-Жерси штати Спорт назорат уюшмаси, Невада штати Атлетик комиссияси каби нуфузли спорт ташкилотларининг аъзоси ҳисобланади.
Реферилик фаолиятида Кавалери Тайсон Фюри - Диллиан Уайт, Флойд Мейвезер - Конор МакГрегор, Геннадий Головкин - Келл Брук, Виталий Кличко - Шеннон Бриггс, Менни Пакяо - Эрик Моралес, Оскар Де Ла Хойя - Рикардо Майор каби машҳур боксчилар иштирокидаги 30 га яқин ёрқин жангларни назорат қилиб борган.
Т. Рўзиев. ЎзА