Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона мудирлари ҳамда кутубхоначиларига ойлик устама ҳақларининг тўланиши ҳолати ўрганилди.
Вилоят адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими берган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 сентябрдаги тегишли қарорининг 1-илова 23-бандида умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхоначиларига ойлик иш ҳақининг 10,6 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган.
Бироқ ўрганиш давомида ҳудуддаги 23 та умумий ўрта таълим мактабларининг 33 нафар кутубхона мудирлари ва кутубхоначиларига Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган қўшимча ҳақ тўланмасдан келинаётгани аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судига ўтказилди.
Айни вақтда ушбу иш бўйича суд буйруғи чиқарилиб, 33 нафар кутубхона мудирлари ва кутубхоначиларга тўланмай қолган 64 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги маблағ ундирувга қаратилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.