Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон болалар ташкилоти ҳамкорликда туман-шаҳарлардаги боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 33 нафарига хатна тўйи ўтказиб берди.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган мазкур хайрия тўйида Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков сўз олиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш борасидаги амалий ишларни, савобли ва хайрли ташаббусларни алоҳида эътироф этди.
Тўй болаларнинг ҳар бирига ташкилотчилар, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда тадбиркорлар ҳомийлигида велосипед, болалар машинаси, бош-оёқ сарпо ҳамда совғалар улашилди. Нуроний отахонлар эл-юртга тинчлик, тўй болаларга эса бахт-саодат тилаб дуога қўл очди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бағишлади.
– Бугун байрам арафасида фарзандим Нурдавлатхўжани дўстлари қаторида хатна тўйи бўлганидан хурсандман, – дейди Янгийўл тумани Хўжаобод маҳалласидан келган Манзура Жўраева. – Икки қиз ва бир нафар ўғилни отасиз тарбияламоқдаман. Бундан қувонган ўғлимни “Ҳали мендан фахрланиб юрасиз”, деган сўзини эшитиб кўзимга ёш келди. Ушбу тўй барча болажонлар қалбида меҳр-саховат рамзи сифатида бир умрга сақланиб қолади.
А.Мусаев, ЎзА.