Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жомбой туманида ўтказилган тезкор тадбирда Эски Жомбой маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган А.А.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналарида тинтув ўтказилганда оғирлиги 31 килограмм 855 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси, 2 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ва 2 дона психотроп таблетка топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.
ДХХ вилояти бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Самарқанд туманида яшовчи 1991 йилга туғилган Р.А. ҳамда 1992 йилда туғилган Б.М. 198 дона “Зардекс” психотроп дори воситасини маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири