Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда “Ўзагросуғурта” АЖ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Қобилов маълум қилишича, жамият суғуртанинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, ўз фаолияти давомида маҳаллабай ишлаш, аҳоли вакиллари билан мулоқот тизимини янада такомиллаштириш мақсадида сайёр қабуллар ўтказишга эътибор қаратди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аҳоли вакиллари учун сайёр қабуллар ўтказилди. Бундан ташқари, компания ходимлари аҳоли хонадонларига кириб, уларнинг талаб ва истакларини ҳам ўрганмоқда.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида фуқаролардан жами 2 минг 732 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг қарийб 90 фоизи мазмунан суғурта қопламасини тўлаб бериш билан боғлиқлигини айтиш жоиз.
Ҳисобот даврида “Ўзагросуғурта” АЖга келиб тушган мурожаатлардан 2 минг 309 таси қаноатлантирилди, 294 таси юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган. Шундан 11 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга йўналтирилган бўлса, яна 46 та мурожаат қонун доирасида эмаслиги сабабли кўриб чиқиш рад этилган. Ҳозирги кунда 72 та мурожаатни ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида компания томонидан мижозларга жами 3 минг 444 та даъво аризаси бўйича 31 миллиард сўмдан ортиқ суғурта товони тўлаб берилди. Шунингдек, суғурта ҳодисаси тасдиқланмаганлиги туфайли 47 та мурожаат рад этилган.
“Ўзагросуғурта” АЖ томонидан 2022 ўтган даври мобайнида суғурталанувчиларга тўлаб берилган тўловлар асосан қуйидаги суғурта турлари кесимида амалга оширилди.
Хусусан, Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашда 765 та мурожаат юзасидан – 6 миллиард 438 миллион сўм, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш суғурта тури бўйича жами 58 та ҳолатда – 5 миллиард 322 миллион сўм, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини иҳтиёрий суғурталаш бўйича 17 та мурожаат юзасидан – салкам 4 миллиард 569 миллион сўм суғурталанувчиларга тўлаб берилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА