ФОТОРЕПОРТАЖ
2023 йилда Намангандаги Масофавий электрон декларациялаш божхона постида 31522 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган
Наманган ишлаб чиқариш салоҳиятининг юқорилиги, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик соҳаси барқарор ривожланаётгани билан республика вилоятлари ичида ажралиб туради. Вилоятда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, ишбилармонлар фаолияти қўллаб-қувватланаётгани хорижий инвесторларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб қилмоқда.
Вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш йўлида фаолият юритаётган Наманган вилоят божхона бошқармаси бу йил ташкил этилганига 32 йил тўлади.
Дастлаб бошқарма тасарруфида 9 та божхона пости мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб “Наманган аэропорт”, “Косонсой”, “Поп” ва “Учқўрғон” чегара божхона постлари ҳамда “Наманган” ва “Чуст” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари мавжуд.
Бошқарманинг “Косонсой” ва “Учқўрғон” чегара божхона постлари Қирғизистон Республикаси билан туташ жойда, “Поп” чегара божхона пости эса Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Бошқарма тизимида айни кунда малакали, юксак салоҳиятли ходимлар туну кун ҳушёрлик ва сергаклик билан ўзларига юклатилган вазифаларни шараф ва матонат билан адо этиб келмоқда.
Статистик таҳлилларга кўра, бошқарма томонидан ўтган 2023 йил давомида божхона қоидаларини бузиш бўйича 759 та ҳолат аниқланиб, 42 миллиард 571 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 123 та ҳолат аниқланган бўлиб, 13 миллиард 739 миллион сўмлик товарлар ушлаб қолинди.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларни ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудудларда ташилишини олдини олиш мақсадида амалга оширилган тадбирлар натижасида эса 18 та ҳолатда жами 33822,7 грамм гиёҳвандлик моддалари аниқланди.
Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 10 та ҳолатда 20627 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний ҳаракати олди олинди.
Бошқарма томонидан ўтган 2023 йил мобайнида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида 1838,4 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, 874,7 миллиард сўм қисмига божхона тўловларида имтиёзлар берилиб, қолган 963,7 миллиард сўми давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Имтиёзлар тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Наманган вилояти республикада энг юқори ўринларда туради, десак муболаға бўлмайди.
Ушбу кўрсаткичларни юқорига кўтараётган экспорт салоҳияти юқори корхоналар сифатида “Textile Finance Namangan”, “Ft Textile Group”, “Art Soft Holding”, “Uchkurgan Textile”, “Uztex Uchkurgan”, “Chust Textile”, “Toshbuloq-Teks”, “Namangan To'qimachi”, “Uz Chasys”, “Nafis-Charm” ҳамда “Iftihor Kiyim Sanoat” масъулияти чекланган жамиятларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
[gallery-15651]
Вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги Масофавий электрон декларациялаш божхона постида 2023 йил давомида 31522 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган. Шундан яшил йўлакка 7377 та, сариқ йўлакка 16619 та ва қизил йўлакка 7526 та божхона юк декларациялари дастур томонидан автоматик тақсимланган. Жорий йил давомида ушбу божхона пости ходимлари томонидан 963,68 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилди. Ундан ташқари 39,60 миллиард сўм қўшимча божхона тўловлари ундириб олинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (cурат), ЎзА