Мамлакатимизда жорий йил 1 июлдан бошлаб шаҳодатнома дубликатини масофадан туриб олиш хизмати йўлга қўйилди.
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, янги хизмат доирасида қатор қулайликлар жорий этилмоқда. Жумладан, шаҳодатнома дубликати my.gov.uz портали орқали ариза билан мурожаат этилганида (аввал ариза бериш учун ҳам, ҳужжатни олиб кетиш учун ҳам мактабга келинган) 5 кунда электрон шаклда портал орқали берилади.
Ариза онлайн шаклда, инсон омилисиз қабул қилинади, шахсий маълумотлар автоматик тарзда бошқа тизимлар билан интеграция қилинади.
Бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди. (аввал мактабга 5 тагача ҳужжат тақдим этилган: ариза, ҳужжат йўқолгани ҳақида газета эълони, топилмалар идорасидан маълумотнома, паспорт нусхаси, фамилия ўзгаргани ҳақида ФҲДЁ бўлимларидан маълумотнома).
Бугунги кунга қадар 8 мингдан ортиқ фуқаролар мазкур хизматдан фойдаланиб шаҳодатнома дубликатини масофадан олишга улгурди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, шаҳодатнома дубликати электрон шаклда берилгач, мактабдан берилган аттестат ўз кучини йўқотади.
Шунингдек, Халқ таълими тизимида давлат хизматларини янада кенгайтириш «инсонлар эмас, ҳужжатлар ҳаракат қилиши керак» тамойилини кенгроқ жорий қилиш мақсадида жорий ўқув йилида яна 3 та хизмат йўлга қўйилади.
Булар ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш, хорижий фуқаро фарзандларини мактабга қабул қилиш, экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини топшириш учун ариза бериш хизматларидир.
Халқ таълими тизимига оид давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида кўмак бериш ҳамда тегишли саволларга жавоб бериш мақсадида махсус бот @Xtv_davlatxizmatlari_bot фаолияти йўлга қўйилди.
Фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали халқ таълимига оид муаммоларга дуч келишган тақдирда мазкур ботга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
ЎзА