Тўй ўрнига саховат тадбири
Самарқанд шаҳар Севали маҳалласида яшовчи Шодиевлар оиласи фарзандларининг никоҳ тўйида дабдабали базм ўтказмади.
Янги оила қураётган ёшлар тўйни ўзларининг яқинлари ва дўстлари билан ихчам даврада ўтказди ҳамда дабдабали маросимларга сарфланадиган харажат тежалиб, 40 га яқин эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Хонадон аҳлининг ушбу хайрли ташаббуси Севали маҳалласи фаоллари, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, маънавият ва маърифат бўлими томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
– Тўй эгалари қилаётган саховатларини кўпчиликка маълум қилмасликни истаганди, лекин бошқаларга ибрат бўлиши учун маҳаллада учрашув ўтказишга қарор қилдик, – дейди Самарқанд шаҳар маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Нигора Саъдинова. – Чунки бугунги кунда орзу-ҳавас баҳонасида тўйларда кузатилаётган дабдаба ва маросимлар энг оғриқли нуқтамиз ҳисобланади. Эътиборлиси, Шодиевлар оиласининг бу эзгу ташаббуси айнан турмуш қураётган куёв ва келин томонидан билдирилган. Ота-оналар эса уларни қўллаб-қувватлаган. Айнан шу жиҳатни ота-оналар ва ёшларга ибрат сифатида кўрсатиб, тўйларни эзгу тадбирга айлантиришга даъват этдик.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири