Бугун тунда мамлакатимизга COVAC механизми доирасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозадан иборат дастлабки партияси етиб келди.
Буюк Британиянинг шу номли фирмаси муаллифлигида яратилган мазкур эмлаш воситасини Ўзбекистонга беғараз ёрдам тарзида олиб келишда ЮНИСЕФ бош етказиб берувчи ҳисобланади. Ушбу тузилма бугунги кунда дунёнинг жами 100 га яқин давлатига вакцина етказиб бермоқда. Ўзбекистон минтақадаги дастлабки шундай мамлакат эканлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Gavi The Vaccine Alliance” халқаро ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида йўлга қўйилган Ўзбекистон Республикаси иммунизация дастури доирасида келтирилган ушбу инсонпарварлик юкини қабул қилиб олиш мақсадида ҳамкорлар билан бирга Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари масъул ходимлари ҳам Тошкент Халқаро аэропортида жам бўлишди. Амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи босқичида май ойида кейинги партияни олиб келиш мўлжалланган. Умуман, 2.3 миллион дозани ташкил этадиган ушбу босқич орқали эмланиши мумкин бўлган аҳолининг қарийб 3 фоизи қамраб олинади. Вакцинация жараёнида, аввало, тиббиёт ходимлари эътиборга олинади, чунки улар бевосита коронавирусга учраган беморлар билан яқин муносабатда бўлишади. Сўнгра навбат ёши 70 дан ошган фуқароларга берилади. Йил охиригача 20 фоиз юртдошимиз эмланиши кўзда тутилган.
[gallery-1588]
ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистонда вакцинани сақлашга мўлжалланган совуқлик тизими билан таъминлаш бўйича ҳам тизимли иш олиб борилмоқда. Ҳозиргача 17 та совуқлик омбори ишга туширилди. Йил сўнгигача яна 4 та тизим фойдаланишга топширилади. Албатта бу мажмуалар зарур ускуналар билан ҳам таъминланган.
– Ушбу вакцинани ҳеч бир давлат рад этгани йўқ, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, ижтимоий тармоқларда тарқалган AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқ турли хабарларга изоҳ бераркан. – Айни пайт бир неча мамлакатда мазкур воситадан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бугун ЕИнинг тегишли бўлинмаси шу ҳақда изоҳ берди. Яъни, кузатилган ножўя таъсирлар айнан AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқлиги тўғрисида узил-кесил хулоса мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам ЖССТ эмлаш жараёнини давом эттиришни тавсия этмоқда.
Эмлаш жараёнида ножўя таъсир билан боғлиқ муайян ҳолатлар юз бериши табиий ҳол. Бу вируснинг ўзи туфайли келиб чиқадиган муаммолар кўлами олдида арзимас миқдор. Ҳозиргача AstraZeneca вакцинаси билан эмланган жами 14 миллион одамдан атиги 17 кишида ножўя таъсир кузатилди. Бу ҳолатларнинг ҳам айнан эмлаш жараёни билан боғлиқ эканлиги мутлақ тасдиқланмаган. Бу борада ЕИ масъул тузилмаларининг хулосаси яқин кунлар ичида эълон қилинади.
ЮНИСЕФ COVAC механизми доирасида фақат ЖССТ томонидан сертификатланган вакциналарни етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозиргача ЖССТ тасдиқлаган Pfizer, AstraZeneca ва шу кунларда сертификат олган Jonson & Jonson вакциналари орасида Ўзбекистон иқлими, бу ердаги ҳаво ҳарорати учун энг мос тушадиган айнан AstraZeneca ҳисобланади.
Маълумки, эмлаш мутахассислар томонидан коронавирусга қарши курашнинг энг самарали усули сифатида эътироф этилган. Демак, вакцина келтирилиши юртимизда пандемияга қарши олиб борилаётган кураш жараёнида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини вакцинация қилиш учун барча зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 3168 та вакцинация пунктлари ташкил қилинди. Бундан ташқари 800 дан ортиқ мобил бригада тузилди. Аҳоли мавжуд хавф эҳтимолига кўра муайян гуруҳларга бўлиб чиқилган.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Темур МАМАДАМИНОВ(сурат), ЎзА