24,4 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди
Бугунги кунда аҳоли сони ортиб бораётгани сабабли фуқароларнинг кўп қаватли уй-жойларга бўлган эҳтиёжи тобора ошмоқда. Бу эса уй-жой қурилиши билан боғлиқ муаммолар ва мурожаатлар сонининг кўпайишига ҳам олиб келмоқда.
Рақобат қўмитасига 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг январь–февраль ойларида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ жами 2 минг 57 та мурожаат келиб тушган.
Жумладан, 2025 йил давомида 1 700 дан ортиқ мурожаат ўрганилиб, муаммолар аниқланган. Яъни, 708 та ҳолатда (33,8%) қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган, 693 та ҳолатда (33,1%) уйлар ўз вақтида топширилмаган, 278 та ҳолатда (13,5%) кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олинган, 27 та ҳолат бошқа масалаларга тегишли бўлган.
Жорий йилнинг дастлабки икки ойида ҳам 350 дан ортиқ мурожаат келиб тушиб, фуқаролар шунга ўхшаш муаммоларга дуч келганини билдиришган.
Мисол сифатида, сурхондарёлик фуқаро Тошкент шаҳрида қурилаётган уйдан хонадон харид қилиш учун қарийб 1,4 миллиард сўм тўлаган. Аммо қурувчи корхона томонидан уй ўз вақтида топширилмаган ва сифат талабларига жавоб бермаган. Мурожаат натижасида фуқарога тўланган маблағлар тўлиқ қайтариб берилди.
Умуман олганда, 2025 йил ва 2026 йилнинг январь–февраль ойларида мурожаатларнинг 1 минг 529 таси (74,3%) ижобий ҳал этилган бўлиб, қарийб 24,4 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади ва улар шартнома асосида ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА