"Ўзэнергоинспекция" ахборот хизматининг маълумот беришича, Самарқанд вилоятида ўтказилган назорат тадбирида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган корхона фаолияти аниқланди.
Самарқанд туманида фаолият юритаётган "Ш. А." оилавий корхонаси тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясини ноқонуний истеъмол қилиб келгани маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик туфайли электр таъминоти корхонасига 2 миллиард 160 миллион сўм зарар етказилган. Ҳозирда ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳар томонлама ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиш ва ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки энергетика тизими барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатларни аниқлаш ва уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА