Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) қуйидаги стратегик мақсадларга эришишга мўлжалланган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ:
иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш;
қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш;
саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш;
ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоизга камайтириш;
иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш;
йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш;
республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш;
ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш;
б) Саноат тармоқларида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция (кейинги ўринларда – Концепция) 2-иловага мувофиқ;
в) 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар режаси) 3-иловага мувофиқ;
г) 25 та корхона ва ташкилотда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг энергия сиғими кўрсаткичини 2026 йилга келиб 2022 йилга нисбатан 20 фоизга камайтиришга қаратилган 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари (кейинги ўринларда – Мақсадли параметрлар) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Энергетика вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Мақсадли параметрларга эришишга қаратилган 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Қуйидагилар:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – “яшил” иқтисодиётни илгари суриш ва “яшил” ўсиш тамойилларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартиришга доир фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган;
Энергетика вазирлиги – “яшил” энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини кенг жорий қилиш, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг энергия сиғимини камайтириш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.
4. Белгилансинки:
а) 2023 йил 1 июндан бошлаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида “яшил сертификатлар” тизими жорий этилади;
б) қуйидагиларни назарда тутувчи 2022–2026 йилларда иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмаси босқичма-босқич яратилади:
иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва уларнинг давлат кадастрини юритиш;
углерод бирликларининг реестрини шакллантириш ва юритиш;
иқтисодиёт тармоқлари кесимида иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш;
иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
в) 2024 йил 1 январдан бошлаб барча иссиқхона газларини қамраб олувчи Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) йўлга қўйилади;
г) иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишдан олдинги босқичларда уларнинг иссиқхона гази ҳажмини қисқартириш имконияти баҳоланиб, лойиҳалар натижасида қисқартирилган иссиқхона гази ҳажми сертификатлаштирилади ва ташқи бозорларга йўналтирилади;
д) 2024 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган, қуввати 1 МВтдан юқори бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида ушбу станцияларнинг ўрнатилган қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими мажбурий тартибда жорий этилади;
е) тармоқ ва ҳудудий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш доирасида тармоқлар ва ҳудудларнинг иқлим ўзгаришига нисбатан сезувчанлиги хусусиятларидан келиб чиқиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ҳамда унга мослашиш чора-тадбирлари ва инвестиция лойиҳалари қамраб олинади;
ж) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:
Париж битимининг (Париж, 2015 йил 12 декабрь) 6-моддасига мувофиқ, Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш механизми бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (миллий орган) ҳисобланади;
халқаро ва республика даражасида иссиқхона гази савдосини (Emission Trade System – ETS, Joint Credit Mechanism – JCM ва бошқалар) тартибга солиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, ушбу соҳадаги лойиҳаларни амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботларни юритиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида иштирок этади;
з) барқарор “яшил” иқтисодий ўсиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишга доир, хусусан, иссиқхона гази ташланмалари миқдорига таъсир қилувчи лойиҳалар ва чора-тадбирларни кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар лойиҳалари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади.
5. Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш чораларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда – Идоралараро кенгаш) 5-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан 2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия), Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида бажарилишини тизимли назорат
қилиш;
ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш;
доимий мониторинг асосида Стратегия доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида масъул ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўриш.
6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотларнинг:
Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳини 6-иловага мувофиқ таркибда;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат Техник котибиятни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Белгилансинки:
Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва “яшил” ўсиш борасида фаолият олиб борувчи халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотларнинг техник кўмак, таҳлил қилиш ва салоҳиятни ошириш бўйича фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳининг асосий вазифаси ҳисобланади;
Техник котибият Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи ишчи органи вазифасини бажарувчи лойиҳа офиси ҳисобланади.
7. Белгилансинки, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва уни ривожлантиришда барча томонларнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш борасида:
Идоралараро кенгаш Стратегия, Дастур ва Ҳаракатлар режасининг амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазирлик ва идораларнинг ишини самарали ташкил этишни таъминлайди;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ҳисобланиб, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик
ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий баҳолаб бориш, техник ва молиявий кўмак жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини шакллантиришга кўмаклашади;
Техник котибият Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи фаолиятини ташкил қилади, Стратегия, Дастур ва Ҳаракатлар режасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда уни Идоралараро кенгаш билан ўзаро мувофиқлаштиришга кўмаклашади.
8. Гидрометеорология хизмати маркази ва Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти икки ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Республика бўйлаб қуёш, шамол ва биогаз энергияси ресурслари бўйича инновацион маълумотлар базасини шакллантирсин.
9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:
а) икки ой муддатда Техник котибият ва идоралараро ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби тўғрисидаги низомлар, Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи регламентини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Идоралараро кенгашга киритсин.
Бунда, Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи регламентида:
унинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш;
иқлим ўзгариши ва “яшил” ўсиш бўйича халқаро молиявий институтлар ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотларнинг ҳаракатлари ўзаро такрорланишини бартараф этиш ва олдини олиш;
иқлим ўзгариши ва “яшил” ўсиш масалалари бўйича вазирлик ва идоралар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилсин;
б) Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги ва халқаро молия институтлари билан биргаликда “яшил сертификатлар” тизими 2023 йил 1 июндан бошлаб жорий этилишини таъминласин;
в) Гидрометеорология хизмати маркази билан биргаликда Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) 2024 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ йўлга қўйилишини таъминласин;
г) Молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, саноат корхоналарида экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини (ESG) жорий қилишни жадаллаштиришни кўзда тутувчи таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
д) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Гидрометеорология хизмати маркази ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022–2026 йилларда иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмаси яратилишини таъминласин, шунингдек, 2023 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
е) Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда икки ой муддатда йирик саноат корхоналари тегишли бошқарув органларида қуйидагилар тасдиқланишини мувофиқлаштирсин:
йирик ишлаб чиқариш корхоналарида қувватларни модернизация ва реконструкция қилиш орқали энергияни тежаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича техник сиёсатни ишлаб чиқиб, унинг кўрсаткичларини йиллик бизнес-режаларга киритиш бўйича тегишли бошқарув қарорлари;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) бирлигига сарфланадиган ёқилғи-энергия ресурсларининг меъёрларини аниқлайдиган, тармоқлар кесимидаги услубиёт ва йўриқномалар.
10. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилини тўлиқ жорий этиш, шунингдек, ифлосланиш учун белгиланган йиғим ставкасини ошириш ва ифлослантирувчи моддалар рўйхатини кенгайтириш орқали атроф-муҳит ифлосланиши учун йиғим тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларида илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларнинг мақсадли дастурларини Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига тасдиқлаш учун киритиб борсин ҳамда ушбу соҳада қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин:
“яшил” иқтисодиёт соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб бориш;
иқтисодиёт тармоқларида “яшил” технологиялар, хусусан, ресурс тежовчи, чиқиндисиз ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятини берувчи технологияларни ва хавфсиз кимёвий моддаларни қўллашга ўтиш ҳамда қайта тикланувчи энергия технологияларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш;
истиқболли инновацион ишланмалар ва “стартап” лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни тижоратлаштириш ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш.
Белгилаб қўйилсинки, мақсадли дастурларни молиялаштириш харажатлари илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
12. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.
13. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппарати Геология, кон-металлургия соҳалари ва саноатни ривожлантириш масалалари департаменти тузилмасига Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппаратининг бўш штат бирлиги ҳисобига бош мутахассис лавозими киритилсин.
14. Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхоналар – ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ушбу қарор билан тасдиқланган Ҳаракатлар режаси ҳамда тармоқлар кесимидаги ресурс тежаш дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини идоралараро мувофиқлаштиради, ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар ушбу қарор билан белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси тўғрисида умумлашган таҳлилий маълумотларни Идоралараро кенгашга киритади;
Идоралараро кенгаш ҳар чорак якуни билан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритади.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва Ж.Т.Мирзамаҳмудов белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 2 декабрь