Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–16-сон Фармони ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини ҳамда Ўзбекистон экологик партиясининг фуқаролар экологик билимларини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида
қарор қиламан:
I. Кутилаётган мақсадли кўрсаткичлар
1. Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланаётган асосий мақсад этиб 2030 йилда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш белгилансин:
(а) 3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятнинг шаклланиши;
(б) 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши;
(в) 400 минг нафар ўрта махсус ва касбий таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши;
(г) 1,9 миллион нафар олий таълим тизими ташкилотлари талабаларида экологик маданиятнинг юксалиши;
(д) 90 фоиз давлат органлари, корхона ва муассасалари ходимларида экологик маданиятнинг юксалиши.
II. Дастурий ҳужжатлар ва уларни амалга ошириш механизмлари
2. Қуйидагилар:
(а) 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;
(б) 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;
(в) 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини қабул қилишдан кутилаётган мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) (кейинги ўринларда – мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Концепция 2027 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар икки йил муддатга тасдиқланадиган алоҳида “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич амалга оширилади;
(б) давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг экологик билимини оширишга қаратилган бепул ўқув курслари ташкил этилади;
(в) давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан экологик маданиятни юксалтириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар йили тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан давлат ижтимоий буюртмаси берилади;
(г) Концепция ва “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилиши, мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилиши экология, иқлим ўзгариши, ўрмон хўжалиги ва туризм соҳасидаги вазирлик ва идоралар фаолиятининг 2025 йил ва ундан кейинги йиллар учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларида (KPI) инобатга олинади;
(д) фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, мутахассислар, хорижий экспертлар Концепция ва “йўл харитаси”ни самарали амалга оширишда кенг жалб қилинади.
III. Давлат органи масъулиятини ошириш
4. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда – Экология вазирлиги) аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгилансин.
5. Экология вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
(а) янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш чораларини кўриш;
(б) илғор хорижий тажриба асосида экологик таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чораларини кўриш, ушбу йўналишдаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
(в) жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш бўйича тарғиботнинг инновацион усулларини жорий этиш, бунда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш;
(г) аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш
ва юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш чораларини кўриш.
IV. Экологик ахборот ошкоралигини таъминлаш чоралари
6. Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги конвенцияга (Орхус конвенцияси, Орхус шаҳри, Дания, 1998 йил 25 июнь) қўшилганлиги муносабати билан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил 1 декабрдан бошлаб Экология вазирлиги атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими маълумотлари базаларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди ҳамда уларда қуйидаги маълумотларни жойлаштириб боради:
(а) ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида (манзили, парваришлаш учун масъул шахслар, кўчат тури ва б.);
(б) давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида (мурожаатчилар, дарахтлар сони, тури ва манзили) ва дарахтни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитуви ҳақида (санаси, вақти, манзили ва натижалари);
(в) сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;
(г) мўлжалланаётган ва (ёки) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ҳамда бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли
ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;
(д) стратегик экологик баҳолаш объектлари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий
ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитуви натижалари ҳақида;
(е) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;
(ж) ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари (корхона номи, раҳбари ва унинг ўринбосари фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати маълумотлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-графиклари) ҳақида;
(з) чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида (корхона номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хомашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш масканлари манзиллари).
V. Экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар
7. Экология вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидагиларни амалга ошириб борсин:
(а) аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати;
(б) ҳар ойда бир маротаба “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари.
8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Экология вазирлиги билан биргаликда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган барча турдаги таълим муассасаларида экология ўқувининг мажбурийлиги ҳақидаги талабни тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида:
(а) 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳалар танловида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этишга оид мавзуларни ҳар йили эълон қилиб борсин;
(б) олий таълим муассасалари талабалари томонидан Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракатини ташкил этсин.
9. Экология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси ва Ёшлар ишлари агентлигининг экология йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган, Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларда таҳсил олаётган ватандош талабалар ва олимларни бирлаштирувчи “Эколог олимлар ҳамжамияти” нодавлат нотижорат ташкилотини таъсис этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин. Бунда:
(а) Экология вазирлиги уч ой муддатда “Эколог олимлар ҳамжамияти” белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
(б) Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига Экология вазирлиги буюртмаси асосида “Эколог олимлар ҳамжамияти”га зарур маблағлар ажратиб бориш тавсия этилсин.
10. 2025 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Давлат экологик назорат инспекцияси давлат инспекторлари қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг йигирма тўрт соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартибида амалга оширади:
(а) юридик шахсларнинг ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш;
(б) ўлчами беш юз квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;
(в) ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш.
VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
11. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда парламентнинг ролини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қуйидагилар тавсия этилсин:
(а) Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг таклифи билан ушбу қарор билан тасдиқланаётган Концепция, “йўл харитаси” ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш борасида чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тўғрисида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;
(б) халқаро тажрибани ўрганган ҳолда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш.
12. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаси, шунингдек, ҳудудларда атроф-муҳитнинг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларини ҳар йили эшитиб бориш тавсия этилсин.
13. Экология вазирлиги:
(а) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда “яшил истеъмол” маданиятининг кундалик қоидаларини билишни, табиий ресурсларни исроф қилмаслик каби халқимизнинг миллий удум ва қадриятларини тарғиб қилувчи ижтимоий ахборот оммавий ахборот воситалари, ташқи реклама ва ахборотни тарқатувчилар томонидан эълон қилинишини (жойлаштирилишини) ташкил этсин;
(б) мазкур қарор билан тасдиқланаётган Концепция ва “йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилишини, шунингдек, мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминлаш мақсадида:
(i) бир ой муддатда Ўзбекистон экологик партияси билан келишган ҳолда экология, иқлим ўзгариши, ўрмон хўжалиги ва туризм соҳасидаги вазирлик ва идоралар фаолиятининг 2025 йил учун энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларида (KPI) Концепция, “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилиши инобатга олинишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(ii) экология, иқлим ўзгариши, ўрмон хўжалиги ва туризм соҳасидаги вазирлик ва идоралар фаолиятининг 2030 йилга қадар бўлган даврдаги энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларида (KPI) Концепция, “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилиши инобатга олинишини таъминласин;
(в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки
ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Кинематография агентлиги уч ой муддатда Экология вазирлиги билан биргаликда фуқаролар, жумладан, ёшлар ва болалар учун экологик мавзуларда ва “яшил истеъмол” маданиятининг кундалик қоидаларини билишни, табиий ресурсларни исроф қилмаслик каби халқимизнинг миллий удум ва қадриятларини тарғиб қилувчи ижтимоий ахборот, мультипликацион ва анимацион фильмлар яратилишини ташкил этсин.
15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мунтазам равишда:
(а) экологик мавзуларни тизимли ва таҳлилий ёритиб бориш ҳамда аҳолини экологик қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга доир телекўрсатувлар ва чиқишлар кўламининг кенгайтирилишини;
(б) Концепция ва “йўл харитаси”ни амалга ошириш натижаларининг оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилишини ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини;
(в) Концепция ва “йўл харитаси” доирасида амалга оширилаётган барча тадбирларнинг ижроси ва натижалари тўғрисида холис ва тўлиқ маълумотлар аҳолига тезкорлик билан етказилишини таъминласин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А.Абдухакимов белгилансин.
Ушбу қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 15 май