2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ хавфи даражаси паст бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтаришда (қоплашда) инсон омили иштирокидаги амалиётдан воз кечилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб солиқ хавфи даражаси паст бўлган ҳолларда қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қайтаришда (қоплашда) инсон омили иштирокидаги жорий амалиётдан воз кечилади.
Солиқ тўловчида мазкур Фармон кучга киргунга қадар ҳосил бўлган ҳамда келгусида ҳосил бўладиган 10 миллион сўмгача қўшилган қиймат солиғи бўйича салбий фарқ суммалари уларнинг аризаси талаб этилмаган ҳолда автоматик тартибда қайтариб берилади.
Ушбу суммани қоплаб бериш билан боғлиқ солиқ текширувлари ўтказилмайди.
2026 йил 1 октябрга қадар электрон ҳисобварақ-фактуралар ва солиқ ҳисоботининг хавф даражасини реал вақт режимида баҳолаш натижасида қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини автоматик тарзда қайтариш (қоплаш) амалиёти жорий этилади.
2028 йил 1 январга қадар кичик бизнес субъектларига солиқ органларининг "Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш" автоматлаштирилган дастури орқали аниқланадиган солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини мустақил тузатиш имконияти берилиб, қуйидаги солиқ текширувлари ўтказилмайди:
а) солиқ хавфи суммаси беш юз миллион сўмгача бўлганда - солиқ аудити;
б) солиқ хавфи суммаси юз миллион сўмгача бўлганда - сайёр солиқ текшируви.
2026 йил 1 июлдан бошлаб камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилганда солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади.
ЎзА