2027 йил 1 июлга қадар Ягона интеграциялашган рақамли платформа ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2027 йил 1 июлга қадар Ягона интеграциялашган рақамли платформа ишлаб чиқилади.
Давлат ахборот тизимларида шакллантириладиган маълумотлар давлат ахборот ресурси деб эътироф этилади ва ушбу маълумотлар Платформа доирасида бошқарилади.
2027 йил 1 июлдан бошлаб:
давлат ахборот тизимлари Платформа доирасида унинг намунавий рақамли компонентларидан фойдаланган ҳолда яратилади ва ривожлантирилади, бундан давлат сирини, давлат аҳамиятига эга бўлган ва банк сирини ташкил этувчи маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган ҳамда ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ахборот тизимларини ишлаб чиқиш мустасно;
янги давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва амалдаги тизимларни модернизация қилиш ҳамда давлат ахборот тизимларининг идоралараро ҳамкорлиги ва интеграцияси Платформанинг намунавий сервислари ва компонентларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Платформанинг функционалини такрорловчи давлат ахборот тизимларини яратиш ва ривожлантириш тақиқланади;
Платформа доирасида давлат ахборот тизимлари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳасида белгиланган тартибда хулоса олиш шарти билан яратилади ва ривожлантирилади.
Платформани яратиш ва фаолиятини юритиш доирасида:
Рақамли технологиялар вазирлигига - Платформани ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, стандартлар ва технологик талабларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш ваколати берилади ҳамда уларга қатъий риоя этилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юкланади;
Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказига - Платформанинг архитектура яхлитлигини, унда ягона стандартларнинг қўлланилишини ҳамда давлат ахборот тизимларини Платформага ўтказишни таъминлаш вазифаси юкланади;
давлат органлари ва ташкилотларига - давлат ахборот тизимларини Платформанинг намунавий рақамли сервислари ва компонентларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш, маъмурий функцияларни рақамлаштириш, композит электрон давлат хизматларни ва қоғозсиз ишлаш моделини жорий этиш вазифаси юкланади.
"Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор - "UZINFOCOM" МЧЖ - Платформанинг техник оператори ва тизимли интегратори ҳисобланади ҳамда Платформани ишлаб чиқиш, жорий этиш, эксплуатация қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш ишларини амалга оширади, Платформанинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлайди.
Қарор билан:
а) Ягона интеграциялашган рақамли платформани ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича "йўл харитаси";
б) 2026-2028 йилларда Ягона интеграциялашган рақамли платформанинг таркибига кирувчи давлат ахборот тизимлари рўйхати тасдиқланди.
ЎзА