2026 йил 1 сентябрдан бошлаб нодавлат таълим хизматларини кўрсатишда ўзини ўзи тартибга солиш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030 стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб нодавлат таълим хизматларини кўрсатишда ўзини ўзи тартибга солиш тизими жорий этилади.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2026 йил 1 июлга қадар нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектларнинг юқори натижаларга эришган ўқитувчилари хорижий илғор таълим марказларига стажировкага юборилади.
Ҳар йили декабрь ойида ўқув марказлари уюшмалари билан ҳамкорликда улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга бағишланган форум ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
Олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларга ўқитиш бўйича нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун фоизсиз қарз (ссуда) ажратилган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган субъектларга Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 730 бараваригача миқдорда фоизсиз қарз (ссуда) ажратиб борилади.
Олис ва чекка ҳудудларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган нодавлат қўшимча таълим хизматлари кўрсатувчи субъектлар жами даромади умумий ҳажмининг камида 80 фоизини қўшимча таълим хизматлари ташкил этганда ва ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда уларга 2026 йил 1 майдан бошлаб 2031 йил 1 январга қадар қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:
а) ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш;
б) тузилган меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ўқитувчилар томонидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Солиқ кодексига ушбу банддан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини, шунингдек, мазкур имтиёз қўлланадиган олис ва чекка ҳудудлар рўйхатини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб уй-жойга муҳтож ёш оилаларга бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун қуйидаги тартибда ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилади:
а) Ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;
б) қуйидаги асосий ижтимоий мезонларга мувофиқ келадиган ёш оилаларга ипотека кредити ажратилади:
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи 30 ёшдан ошмаган бўлиши;
ариза берувчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи номида сўнгги 3 йилда мулк ҳуқуқи асосида кўчмас мулк мавжуд эмаслиги;
Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар ипотека кредитларини ажратиш тартибини (шу жумладан, ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловлари бир қисмини қоплаб бериш учун аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилишини назарда тутган ҳолда) ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
2027 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта 12 август – Халқаро ёшлар куни арафасида "Авлодлар мулоқоти" халқаро ёшлар конгрессини ўтказиш йўлга қўйилади.
2026 йилдан бошлаб китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида "Илғор ижодкор" Президент мукофоти жорий этилади. Унга кўра:
а) шеърият, драматургия ҳамда болалар адабиёти йўналишлари бўйича энг яхши ёзувчи ва шоирлар мукофотланади;
б) ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
ЎзА