Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров 2025 йилги Давлат бюджети лойиҳаси ҳақида маълумот берар экан, 2025 йилги солиқ сиёсатида асосий турдаги солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилаётганини қайд этди.
Хусусан, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз, айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз, қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 1,5 фоиз миқдорида сақланиб қолинмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган сув бўйича сув солиғи ставкаси 1 куб метр учун 100 сўм миқдорида сақлаб қолинмоқда.
2025 йил 1 январдан фильтрли сигаретларга акциз солиғининг 10 фоизлик адвалор қисмини бекор қилиш ва ички бозор учун ставкани 19,7 фоизга — 300 минг сўмгача (амалда — 250,7 минг сўм), импорт қилинадиган сигаретлар учун — 330 минг сўмгача ошириш таклиф этилмоқда (амалда — 325 минг сўм).
2025 йил 1 июлдан бошлаб эса импорт қилинган ва маҳаллий сигарет учун акциз солиғи ставкаларини бирхиллаштириб, минг донаси учун 340 минг сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
1 январдан бошлаб бошқа тамаки маҳсулотларига акциз солиғини ошириш таклиф қилинмоқда: таркибида никотин бўлган суюқликлар (вейплар) учун қарийб 3 баравар — 1 мл учун 2000 сўмгача (ҳозир 670 сўм), сигаралар учун — донасига 20 минг сўмгача (ҳозир 6400 сўм), қиздириладиган тамаки учун — килограммига 450 минг сўмгача (ҳозир 382 минг сўм), чекиладиган, ўрама ва чилим учун тамаки маҳсулотларига — 1 кг учун 600 минг сўмгача (ҳозир 382 минг сўм).
1 январдан бошлаб маҳаллий алкоголли маҳсулотлар (ароқ, коньяк ва бошқалар) учун акциз солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилиниб, 1 литр спирт учун 44 минг сўмни (амалда 40 минг сўм) ташкил этади. Импорт қилинадиган товарлар учун эса 25 фоизга — 101,5 минг сўмдан 76 минг сўмгача камайтирилади.
М.Комилова,
ЎзА