2025 йил глобал можаро ва зўравонлик рекорд даражага чиқди
Швециянинг Уппсала университети томонидан ўтказилган янги тадқиқотга кўра, 2025 йил дунё бўйлаб қуролли можаро сони ўнлаб йиллардаги рекорд даражага чиқди ва ўлим ҳолати 1990 йиллардан бери энг кўп кузатилди.
Уппсала можаролар маълумоти дастури (UCDP) хулосасига кўра, ўтган йил 65 жойда фаол қуролли можаро қайд этилган.
Россия ва Украина, Эрон ва Исроил ҳамда Ҳиндистон ва Покистон сингари давлатлар ўртасида уруш кескин кучайиб, икки баробар кўпайган ва 8 тага етган. Бу 1946 йил айни кўрсаткич тизимли равишда қайд этила бошлагандан буён энг юқори кўрсаткич.
Тадқиқотчилар ҳисоб-китобида 2025 йил зиддиятлар туфайли 244 600 киши ҳалок бўлгани, бу 1994 йилдан кейинги энг ёмон ҳолат экани ёзилган.
Россия – Украина уруши энг ҳалокатли можаро бўлиб қолмоқда: барча жанговар қурбонларнинг тахминан 62 фоизи шу низога тўғри келган.
Исроил ва ҲАМАС уруши қурбонлар сони бўйича иккинчи, жуда кўп миқдорда бегуноҳ аҳоли ҳалок бўлган Судандаги инқироз эса бу борада учинчи ўринни эгаллаган.
Таъкидланишича, 65 можародан 13 таси тўлиқ кўламли урушга айланган. Салбий ҳолат кучайиши қисман халқаро тизимдаги ўзгариш билан боғлиқ бўлса-да, изланувчилар зўравонлик индивидуал авж олишининг бевосита сиёсий сабабини аниқлаб бўлмаслигини таъкидламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА