
Миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожида муҳим ўрин тутадиган турнирлар, чемпионатлар мундарижасига эътибор қаратилса, улар орасида Осиё, Европа, Африка ва Пан Америка минтақаларида ўтказиладиган қитъа чемпионатлари алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирлар ва кураш бўйича малакали мутахассисларни, мураббий ва ҳакамларни тайёрлашга қаратилган халқаро семинарлар дунёнинг бир нечта мамлакатларида ташкил этилиши назарда тутилган.

– Бу йилги тақвим 40 га яқин халқаро тадбирларни қамраб олган бўлиб, кураш федерациялари фаолият юритаётган давлатларнинг ички чемпионат ва биринчиликлари мазкур рўйхатга киритилса, умумий ҳисобда 2025 йил давомида 200 тадан зиёд кураш тадбирлари бўлиб ўтиши кутилмоқда, – дейди Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Намозов.
Бошланган йилнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Ислом бирдамлик ўйинларида кураш мусобақаларининг ўтказилиши миллий спортимизнинг дунё бўйлаб кенг оммалашишига хизмат қилади.
Тақвимга биноан, бу йил Осиё ўйинларига йўл дастури доирасида имтиҳонлар бўлиши кўзда тутилган. Бу, 2026 йилги Осиё ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Т.Рўзиев, ЎзА