2025−2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, 2025 йилда давлат дастурлари ва тадбирларига сарфланадиган харажатлар оширилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу харажатлар 5,8 фоиз ёки 1,33 триллион сўмга — 22,9 триллион сўмдан 24,24 триллион сўмга (тахминан 1,9 миллиард доллар), шу жумладан, таълим соҳасидаги лойиҳалар бўйича харажатларни 6,18 триллион сўмгача (+8,2 фоиз) ошириш режалаштирилган.
Биринчи синф ўқувчиларига ўқув қуроллари харид қилиш учун 143,5 миллиард сўм, мактабларда янги компьютер синфларини ташкил этишга 200 миллиард сўм, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жамғармасини шакллантиришга — 120 миллиард сўм, таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига — 250 миллиард сўм, 1500 нафар чет эллик ўқитувчини таклиф этишга — 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Мактаб дарсликларини янгилаш учун 1 триллион 300 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Шу билан бирга, мактаб дарсликларини ижарага олиш учун тўловни қайтариш режалаштирилган. 2−11-синф ўқувчилари учун тўлов ҳар тўплам учун 80 минг сўмни ташкил қилиши мумкин. Бу давлат бюджети юкини тахминан 376 миллиард сўмга камайтириши кутилмоқда.
2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат дастурларига 2,79 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2024 йилга нисбатан 19,2 фоиз ёки 450,8 миллиард сўмга кўпроқ.
Тиббий хизматлар сифатининг стационар шароитда туғилиш стандартларига тўлиқ мос келишини таъминлаш мақсадида туғуруқ ўринлари сонини босқичма-босқич оширишга — 134,1 миллиард сўм, онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш чора-тадбирларига — 135 миллиард сўм ажратилади.
Сирдарё вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар, компьютерлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш, шунингдек, маҳаллий тармоққа улаш харажатларига — 30 миллиард сўм, аёллар ўртасида саратон касаллигига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш дастурига — 33,5 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Жаҳоннинг етакчи клиникаларида қўлланадиган болалар гематологияси ва онкология бўлимларида диагностика ва даволаш бўйича клиник стандартлар, протоколлар ва тавсияларни жорий этиш харажатларига — 9,3 миллиард сўм, Ислом цивилизацияси маркази қўлёзма фондини қадимий манбалар билан тўлдириш учун — 5 миллиард сўм, 1000 номдаги жаҳонга машҳур китобларни таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва нашр этишга — 12 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
2024−2026 йилларда республикада аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш учун сув таъминоти тармоқларини қуришга — 50 миллиард сўм, 2024−2025 йилларда «Ўзсувтаъминот» объектларидаги насосларни энергия тежамкорларига алмаштиришга — 25 миллиард сўм, 1991 йилгача қурилган кўп хонадонли уй-жой фондини паспортлаштиришга — 30 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағларини шакллантириш учун 504 миллиард сўм, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури бўйича харажатлар 900 миллиард сўмни ташкил этади.
Орқа мия мушаклари атрофияси ташхиси қўйилган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни дори-дармонлар билан бепул таъминлаш учун маблағлар 151,2 миллиард сўмдан 250 миллиард сўмга (+65,3 фоиз), иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ва уларни тиббиёт муассасаларига жалб этиш учун — 40 миллиард сўмдан 50 миллиард сўмгача (+25 фоиз), нефрология ва гемодиализ соҳасига кўмаклашиш учун — 115 миллиард сўмдан 241,8 миллиард сўмгача (2,1 баравар), болалар ва туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни махсус профилактика воситалари билан бепул таъминлаш учун — 26,4 миллиард сўмдан 176 миллиард сўмгача (6,7 баробар) оширилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА