Яшил бойликлар – соғлом турмуш, фаровон ҳаёт, экологик хавфсиз иқтисодиёт манбаи

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилгани Янги Ўзбекистонда она табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.
Аслида мамлакатимизнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилол ва шифобахш сувлари асрлар давомида инсониятни мафтун этиб келади. Бироқ, саноатнинг ривожланиши, энергия ресурсларига талабнинг ортиши, табиатга муносабатнинг ўзгаргани иқлим ўзгаришлари, атроф-муҳит ифлосланиши, сув тақчиллиги каби муаммоларни кўндаланг қўйди.
Бу масалалар ечимини топиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга жорий этилгани халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бўлган бўш ерларга кўчат экиш, боғ-роғлар барпо этиш анъаналарини қайта тиклади. Она табиатга дахлдорлик туйғусини кучайтирди.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш ғоясининг илгари сурилгани энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришга, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиб, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, табиий экотизимларни асрашга, иқлим ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашга қулай муҳит яратди.
Янги йилнинг мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бу борадаги эзгу ишлар натижадорлигини оширишга хизмат қилиши, яшил бойликлар саломатлигимиз ва фаровон ҳаётимиз манбаи эканини янада теранроқ англатиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланганидан буён жанубдаги воҳада янги боғ-роғлар барпо этиш муҳим вазифаларимиздан бирига айланди. Жойларда 40 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Майдони 83 гектар бўлган 25 та “Яшил жамоат парки”, 36,6 гектар ерда 15 та “Ҳокимлик боғи” ташкил этилиб, уларга 42 мингдан ортиқ мевали ва манзарали кўчат қадалди. Лойиҳанинг бу йил кузги мавсумида яна олти миллион тупдан ортиқ кўчат экиш режалаштириб олинган. Шу кунларда жойларда кўчат экиш уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоят ҳудудида 85 та атроф-муҳитга таъсир хавфи I-II-тоифадаги йирик саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда “Яшил белбоғлар” ташкил этиш учун шу йилнинг ўтган даврида 358 минг 400 туп кўчат экилди.
Вилоятнинг Термиз, Ангор ва Жарқўрғон туманлари туташган “Каттақум” массиви ҳудудидаги қум барханлари текисланиб, 14,8 минг гектар майдонга 100 минг туп саксовул кўчати экилди. 80 тонна саксовул уруғи сепилиб, “Яшил қалқон” барпо этилди. Қўшни Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳри ва Термиз тумани маҳаллалари ҳудудидаги 12 гектар майдонга элдор қарағай кўчатларини экиш орқали яна бир “Яшил белбоғ” яратилди. Бу ишлар воҳада “афғон шамоли” номи билан аталадиган шамол йўлини тўсиб, атроф-муҳитга таъсирини камайтиради.
Айни пайтда вилоятда “Алмата-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўналишидаги М39 халқаро автомобил йўлининг Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод туманлари ҳудудидан ўтувчи 61 километр қисмининг икки атрофи текисланиб, манзарали дарахт кўчатларини қадашга ҳозирланмоқда. Адир ва тошлоқ ерларга унумдор тупроқ келтирилиб, тўкилмоқда. Бу ерга 290 мингдан ортиқ кўчат экилади. Бир йўла сув тизими яхшиланиб, йўлнинг икки тарафида ёмғирлатиб суғориш жорий қилинади. Сув ҳавзалари барпо этилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинишида чуқур маъно мужассам. Зеро, теварак-атрофимизда яшил ҳудудлар кенгайиб, яшил қалқонлар кўпайиши она табиатимизни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади. “Яшил” иқтисодиёт экологик тоза, энергия, сув ва бошқа табиий ресурсларни иқтисод қиладиган технологияларни жорий этиб, экология хавфсизлигини таъминлайди. Мамлакатимизнинг 2019-2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини рўёбга чиқариш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларимизни кенгайтиради. Иқлим ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлайди.
Баҳодир Урунов,
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА