Аввал хабар берганимиздек, Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиздан 17 фоизга оширган эди. Йиллик фоиз ставканинг оширилиши натижасида тижорат банкларидаги турли кредитларнинг фоизи оширилди.
Бу ўзгариш субсидия асосида ажратиладиган ипотека кредитларига, тижорат банкларидан олдин олинган ипотека кредитларига ҳам тегишлими?
Марказий банк бунга изоҳ берди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги "Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида"ги қарорида Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича фоиз ставкаларини 2022 йил якунига қадар, истисно тариқасида, амалдаги фоиз ставкаларида сақлаб қолиниши белгиланган.
Бу эса, ўз навбатида, тижорат банклари томонидан аҳолига бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиши учун ажратадиган ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари жорий йил якунига қадар ўзгармаслигини англатади.
Шунингдек, илгари олинган ипотека кредитларининг шартлари эса мижоз ва тижорат банки ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади. Агар шартномада ипотека кредити бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага (қайта молиялаштириш ставкасига) боғланган бўлса, асосий ставка ўзгариши улар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам ўзгаришига олиб келади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА