Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан мамлакатнинг 2017-2024 йиллар оралиғидаги экспорт таркиби таҳлил қилинди. Тадқиқот Жаҳон савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) томонидан ишлаб чиқилган методология асосида амалга оширилди.
Ушбу методологияга кўра, экспорт қилинаётган маҳсулотлар технология даражаси ва қайта ишлаш босқичига қараб қуйидаги олти тоифага бўлинади: хомашё маҳсулотлари, қайта ишланган ресурсга асосланган маҳсулотлар, паст, ўрта ва юқори технологияли маҳсулотлар ҳамда таснифланмаган товарлар.
Таҳлил натижалари сўнгги йилларда Ўзбекистон экспорт сиёсатида сифат жиҳатидан муҳим ўзгаришлар кузатилаётганини тасдиқламоқда. Жумладан, хомашё маҳсулотлари экспорти кескин камайди, яъни 2017 йилда 36,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 17,3 фоизгача тушди. Бу тоифада асосий экспорт позицияларини мис (30,96%), сабзавотлар (18,6%), мевалар ва ёнғоқлар (15,8%), табиий газ (13,16%), шунингдек, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар (5,7%) эгаллади.
Шу билан бирга, қайта ишланган табиий ресурсларга асосланган маҳсулотлар экспорти икки баробарга ўсди: 2017 йилдаги 3,9 фоиздан 2024 йилда 8,4 фоизга етди. Бу гуруҳдаги етакчи маҳсулотлар қаторида минерал хомашёдан тайёрланган товарлар, нефть маҳсулотлари, цемент, ғалладонли уни ҳамда ноорганик тузлар бор.
Паст технологияли маҳсулотлар улуши ҳам ортиб, 14,2 фоиздан 17,1 фоизга етди. Ушбу гуруҳдаги экспорт таркибида тўқимачилик ипи, тайёр кийим-кечаклар, трикотаж ва пахта матолари каби маҳсулотлар устунлик қилмоқда. Айниқса, тайёр маҳсулотларнинг кўпайиши ушбу сегментда чуқур қайта ишлаш жараёнларининг кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўрта технологияли маҳсулотлар улуши салмоқли даражада барқарор сақланиб қолган, яъни тахминан 8 фоиз атрофида. Уларнинг таркибида ўғитлар, автомобиль эҳтиёт қисмлари, полиэтилен, ички ёнув двигателлари ва маиший техника асосий ўринни эгаллайди.
Юқори технологияли маҳсулотлар экспортида эса сезиларли ўсиш кузатилди: 2017 йилда 0,5 фоизни ташкил этган улуш 2024 йилга келиб 1,5 фоизгача ошди. Бу соҳада телевизорлар, айланувчи электр ускуналар, замонавий электр аппаратуралари ва электр энергияси ускуналари асосий экспорт маҳсулотлари сифатида намоён бўлмоқда.
Умуман олганда, сўнгги етти йиллик таҳлиллар мамлакат экспорт таркибининг босқичма-босқич технологик жиҳатдан мураккаблашиб бораётганини, хомашёдан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш жараёни тезлашганини ва саноатлашув даражасининг ошиб бораётганини кўрсатяпти. Бу жараёнлар Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ва миллий иқтисодиётда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини кенгайтиришга йўналтирилган ислоҳотлар самарасини намоён этмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА