201 кг каннабис ва қарийб 2 кг гашиш мусодара қилинди
“Қорадори – 2026” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилувчи, 1985 й.т. фуқаро ўзининг яшаш хонадони ҳовлисидаги 5,3 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилганлиги аниқланди.
Иссиқхона кўздан кечирилганда эса келгусида сотиш мақсадида 714 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўсимликларнинг соф оғирлиги
201 кг.ни ташкил этади.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1966 й.т., муқаддам судланган фуқаро пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилди.
Натижада, унинг қўлидаги целлофан пакет ичида 1 кг 994 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур шахс қўшни давлатдан контрабанда қилинган ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича наркосавдогарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.