Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, мутасадди давлат органлари ва жамоат ташкилотлари иштирокида гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳозирда дунё бўйлаб қарийб 300 милон киши гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиши оқибатида қурбон бўлаётганлар сони йилиги 600 минг кишидан ортмоқда экан.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда норкожиноятлар сони қарийб 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 8,5 бараварга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга ошган экан.
Тадбирда давомида Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мусодара қилинган 2 тонна 135 кг 188 гр гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилиниши ҳам онлайн кузатиб борилди.
Йўқ қилинган гиёҳвандлик воситалари қуйидагилардан иборат:
99 кг 882 гр героин,
202 кг 555 гр опий,
415 кг 124 гр гашиш,
395 кг 739 гр марихуана,
613 кг 94 гр каннабис ўсимлиги,
153 кг 15 гр кўкнор бошоғи ва сомони,
57 кг 847 гр мефедрон,
29 кг 603 гр a-PVP,
5 кг 750 гр спайс,
5 кг 544 гр катинон ва бошқалар...
Мутахассисларнинг билдиришича, бугунги кунда синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва истеъмоли ортиб бормоқда. Улар асосан Мефедрон, Альфа-ПВП, МДМА синтетик наркотиклари бўлиб, Россия Федерацияси ва Қозоғистондан республикамизга кириб келмоқда.
Интернет наркогуруҳ ташкилотчилари хорижда ёлланган курьерларни Ўзбекистонга юбориш ва уларни наркожиноятга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. ДХХ томонидан ўтказилган фаол тадбирлар натижасида 2024 йилда 6 нафар хориждан келган Интернет-наркогуруҳ аъзолари ҳам қўлга олинган.
М.Эшмирзаева, ЎзА