17 миллиард сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди
Давлат маблағининг ҳар бир сўми манзилли ва қонун асосида сарфланиши муҳим. Шу боис Рақобат қўмитаси давлат харидларини мунтазам назорат қилиб бормоқда.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган мониторинглар ва келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши давомида қатор давлат ташкилотларида қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланди. Гап умумий қиймати 17 миллиард сўмдан ортиқ бўлган давлат харидлари ҳақида бормоқда.
Қонунбузилишлар соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хизматлар, йўл хўжалиги, ўрмон хўжалиги, ирригация, банк ва бошқа соҳалардаги давлат буюртмаларида кузатилган. Ўрганишлар давомида айрим танлов савдоларида рақобатни чеклаши мумкин бўлган шартлар қўллангани аниқланган.

Шу асосда буюртмачи ташкилотларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда ишлар қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун мажбурий кўрсатмалар берилди.
Таъкидлаш жоизки, давлат харидларида очиқ ва ҳалол рақобат таъминланса, бюджет маблағлари тежалади, тадбиркорлар учун тенг имконият яратилади ва энг муҳими, давлат буюртмаларининг сифати ошади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА