Шарқнинг буюк мутафаккирлари инсонни ахлоқий камол топтириш, уни ҳар томонлама ривожлантириб, маънавий қиёфасини шакллантиришни жамият тараққиётининг муҳим омили, деб билишган ва бу – айни ҳақиқатдир.
Эслатиб ўтиш лозимки, одоб – инсон ҳақида ёқимли таассурот уйғотадиган, лекин жамоа, жамият ва инсоният ҳаётида у қадар муҳим аҳамиятга эга бўлмайдиган, миллий урф-одатларга асосланган чиройли хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.
Хулқ – оила, жамоа, маҳалла-кўй миқёсида аҳамиятли бўлган, аммо жамият ва инсоният ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатмайдиган ёқимли инсоний хатти-ҳаракатларнинг мажмуи.
Ахлоқ эса – жамият, замон, инсоният тарихи учун намуна бўла оладиган ижобий хатти-ҳаракатлар йиғиндисидир.
Ахлоқнинг шаклланиши ва ижтимоий ўрнида диннинг аҳамияти катта. Инсонга ёмонликнинг зарарларини баён қилиш ва эгри йўлга кирганларни тўғри ҳаёт завқига даъват этиш ҳам муқаддас Ислом диннинг вазифаларидандир.
Янги Ўзбекистон даврида диний-маънавий меросни асраш, тарғиб қилиш ва замонавий технологиялар орқали жамоатчиликка етказиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ижтимоий-ахлоқий ва тарбиявий аҳамиятга молик ҳадислар жамланмасининг электрон базасини яратиш режалаштирилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 1500 та ҳадисни ўз ичига олган электрон база шакллантирилади. Унда инсон одоби, оила, муомала маданияти, ҳалоллик, адолат, сабр-тоқат, меҳр-оқибат каби турли мавзуларга оид ҳадислар жамланади.
Бу база катта манба вазифасини ўтайди, дейилади Ислом цивилизацияси маркази маълумотида. Айниқса, марказга ташриф буюрувчилар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича ҳадисларни излаб топиш, ўқиш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўладилар. Бу, шунингдек, ҳадис илмини оммалаштириш, ёш авлодга Ислом ахлоқи ва одобларини сингдиришда муҳим роль ўйнайди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА