15 ёшгача бўлган болалар ишлаши мумкинми?
Ёзги таътил бошланиши билан кўплаб ўқувчилар вақтини мазмунли ўтказиш, янги тажриба орттириш ёки шахсий эҳтиёжлари учун даромад топиш истагида бўлади.
Айрим ота-оналар эса фарзандини меҳнатга ўргатишни тарбиянинг бир қисми деб ҳисоблайди. Бироқ ҳар қандай иш болалар учун мумкинми? Қонун бу масалага қандай ёндашади?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, амалдаги Меҳнат кодекси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 15 ёшга тўлмаган болаларни доимий ёки оғир меҳнатга жалб этиш қатъий тақиқланади. Бу норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ва таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонунга кўра, меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилишнинг умумий ёши 16 ёш этиб белгиланган.
Шу билан бирга, 15 ёшга тўлмаган шахслар ҳам айрим ҳолларда меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун ота-она ёки қонуний вакилнинг розилиги бўлиши, бажариладиган иш боланинг соғлиғига ва таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслиги шарт.
Бундай енгил ишлар қаторига қуйидагилар киради:
театр, кино, концерт, мода намойишлари ва реклама лойиҳалари каби спорт, маданият ва санъат соҳасидаги фаолиятлар;
расм чизиш, дизайн, рақамли контент тайёрлаш, болалар блоги юритиш, ижодий танловлар ва турли лойиҳаларда иштирок этиш.
Қонун болалар меҳнати учун иш вақтига ҳам аниқ чекловлар белгилаган.
15–16 ёшдагилар ҳафтасига 24 соатдан кўп ишламаслиги лозим.
Агар бола умумий ўрта таълим муассасасида ўқиётган бўлса, иш вақти ҳафтасига 12 соатдан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, меҳнат фаолияти фақат дарсдан кейинги вақтда ёки таътил кунларида амалга оширилиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, болаларнинг меҳнатга жалб этилиши уларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига, таълим жараёнига ҳамда хавфсизлигига путур етказмаслиги керак. Шу боис қонун боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқини эмас, балки унинг манфаатларини биринчи ўринга қўяди.
Демак, болаларнинг ишлашига мутлақ тақиқ йўқ. Аммо бу жараён фақат қонун талаблари, хавфсизлик қоидалари ва боланинг манфаатлари тўлиқ таъминланган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА